Фармон ва ижро
Бугун халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрининг Қизилтоғ (Красногорск) шаҳарчасида 17 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Бу шаҳарча аҳолиси давлат хизматларини олиш учун 100 чақирим масофа босишга тўғри келади. Аммо Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига сайёр давлат хизматлари ва сайёр қабуллар кўрсатилаётгани бу каби оворагарчиликларга чек қўймоқда.
Қолаверса, сайёр қабулларнинг тез-тез ўтказилаётгани сабабли соҳа ходимлари уларнинг муаммоларини тинглаб, жойида бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул “Толбулоқ”, “Саид ота”, “Ойдин” ва “Файзобод” маҳалла фуқаролари йиғинларида ўтказилди. Туман Давлат хизматлари маркази ходимлари уйма-уй аҳоли билан суҳбат қилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни эшитди. Давлат хизматларининг мазмун-моҳияти, янги хизмат турлари ва қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида ҳам тарғибот тадбирлари олиб борилди.
– Давлат хизматлари кўрсатишда аҳоли учун қулайликлар яратилмоқда, – деди шаҳарчанинг Толбулоқ маҳаласида истиқомат қилувчи Д.Махаматова. – Давлат хизматлари маркази ходимлари бизга бу борада батафсил маълумот берди. Анчадан буён фарзандимни мактабгача таълим муассасасига жойлаш учун ариза бериш ниятида эдим. Оила ташвишлари билан бўлиб, марказга боришга вақт тополмаётгандим. Бугунги сайёр қабул давомида бу имкониятдан фойдаландим. Аризамни қабул қилишди, ишим тез битди. Авваллари ҳужжатларни расмийлаштиришнинг ўзи бир муаммо эди-да. Бу каби доимий эътибордан биз аёллар жуда миннатдормиз.
Сайёр қабул давомида шаҳарча аҳолиси бир қатор йўналишлар, жумладан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома олиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишда навбатга қўйиш учун ариза бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланди.
Шунингдек, пенсия тизимига ҳисобга қўйиш, кадастр соҳасидаги хизматлар бўйича 60 дан зиёд сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тўғрисида ҳам кенг қамровли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан бундай сайёр қабуллар орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари жойида ўрганилиб, аҳолининг ариза, шикоят ва таклифларини ўрганишда эътиборсизлик, сансоларлик ҳолатларига барҳам берилмоқда. Бу эса, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА