Сайёр қабуллар муаммолар ечимига хизмат қилмоқда
ЎзЛиДеП томонидан амалга оширилаётган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топишга қаратилган сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул Конимех туманида ташкил этилиб, унда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан иш билан таъминлаш, ер ва мулк муносабатлари, коммунал хизматлар, ичимлик суви, электр таъминоти, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя, кредит ажратиш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда фуқароларни қийнаётган бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.

Учрашувда 41 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 37 таси масъул ташкилотлар иштирокида жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, уларни қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли вазифалар юклатилди.
– Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаати ва юрт равнақига дахлдор масалалар мужассам, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Галия Райханова. – Шу боис партиямиз аҳоли билан доимий мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг муаммоларини эшитиш ва уларга амалий ечим топишни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган. Бундай сайёр қабуллар эса фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, халқ ишончини мустаҳкамлаш ҳамда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир якунида мутасадди раҳбарларга мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли ҳал этиш, аҳоли билан мулоқот маданиятини янада такомиллаштириш ҳамда ҳар бир масалага масъулият билан ёндашиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири