Ижод мактабида илм-фан сабоғи
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов билан учрашув ўтказилди.
“Янги Ўзбекистон зиёлилари — юксалиш таянчи” шиори остида вилоят зиёлилари билан ўтказилаётган мулоқотлар ҳамда “Ҳаёт дарси” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир “Ядро физикаси, замонавий технологиялар ва илм-фаннинг ёшлар ҳаётидаги ўрни” мавзусига бағишланди.
Учрашувда олим ядро физикасининг бугунги кундаги аҳамияти, соҳада эришилаётган ютуқлар ва уларнинг амалиётда қўлланилиши ҳақида сўз юритди. Бу йўналишдаги илмий изланишларнинг тиббиёт, энергетика ва саноат ривожидаги ўрнини ҳаётий мисоллар орқали тушунтирди.
Мулоқотда аниқ фанлар ва замонавий технологияларни чуқур ўрганишнинг аҳамияти таъкидланди. Академик ўқувчиларни мунтазам изланиш ва мутолаага, билимларини бойитиб, келгусида Ватан равнақига ҳисса қўшишга ундади.
[gallery-32544]
Учрашув ўқувчиларнинг илм-фан ва унинг амалий имкониятлари ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА