Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари эълон қилинди
Мамлакатнинг озиқ-овқат ишлаб чиқариш имкониятларини баҳолашда ер майдонлари, экин турлари, чорва моллари, парранда ва хўжаликлар сони бўйича аниқ маълумотларни шакллантиришнинг аҳамияти юқори.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилган ялпи қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, жами 7,6 миллионта ҳисобга олиш бирлиги қайд этилган. Уларнинг фойдаланишидаги умумий ер майдони 42,5 миллион гектарни ташкил этган.
Маълумотларга кўра, бир йиллик экинлар экилган 4 миллион 213,5 минг гектар майдоннинг 47,4 фоизи дон ва дуккакли дон, 24 фоизи техник, 14,8 фоизи озуқа, 8,1 фоизи эса сабзавот экинлари ҳиссасига тўғри келади. Мевали боғлар ва токзорларнинг умумий майдони 613 минг гектарни ташкил этган.
2026 йил 15 январь ҳолатига мамлакатимизда 12,2 миллион бош йирик шохли қорамол, 23,1 миллион бош қўй ва эчки ҳамда 120,9 миллион бош парранда ҳисобга олинган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, чорвачилик тармоғида деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларнинг улуши юқори. Жумладан, қорамолларнинг 87,1 фоизи, қўй ва эчкиларнинг эса 71,3 фоизи айнан шу тоифадаги хўжаликларда парваришланмоқда.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА