Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижалари эълон қилинди
Пойтахтимизда Миллий статистика қўмитаси томонидан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижалари тақдим этилди.
Тадбирда рўйхатга олиш жараёнининг дастлабки натижалари, унда қўлланилган методологик ёндашувлар, рақамли технологиялардан фойдаланиш тажрибаси, тўпланган маълумотлардан давлат дастурлари ва стратегик қарорларни ишлаб чиқишда фойдаланиш масалалари юзасидан ахборот берилди.
Маълумки, мазкур рўйхатга олиш тадбирлари давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилди.
Тадбирда қайд этилганидек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири мамлакатнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва аграр ҳолати бўйича ишончли маълумотлар базасини шакллантиришга қаратилган йирик статистик жараён ҳисобланади. Бу тадбир орқали аҳоли сони, унинг ҳудудлар кесимида жойлашуви, ёш ва жинс таркиби, яшаш шароитлари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги субъектлари ва ресурслари бўйича муҳим маълумотлар шакллантирилди.
Дастлабки натижаларга кўра, онлайн рўйхатга олиш жараёнида аҳолининг 82,3 фоизи қамраб олинди. Аҳолининг қолган қисми эса “маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан уйма-уй юрган ҳолда планшетлар орқали рўйхатга олинди.
Рўйхатга олишдан кейинги кузатув натижаларига кўра, умумий аҳолининг 97,3 фоизи рўйхатга олинган ва 2,7 фоиз аҳоли турли сабаблар юзасидан рўйхатга олиш жараёнларида қатнашмаган. Бу халқаро меъёрлар бўйича нормал ҳолат бўлиб, турли давлатларда 10 фоиз ва ундан юқори ҳолатлар кузатилган.
Рўйхатга олиш тадбирини ташкил этишда харажатлар самарадорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар аҳолини рўйхатга олиш учун сарфланган харажат 0,12 АҚШ долларини ташкил этди.
[gallery-30152]
Тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида 8,2 миллиондан ортиқ объектнинг геолокация маълумотлари шакллантирилди. Ушбу маълумотлар аҳоли пунктлари, турар жойлар, қишлоқ хўжалиги объектлари ва бошқа манзилли бирликларни аниқ ҳисобга олиш, кейинги таҳлилларда ҳудудлар кесимида аниқ маълумотлар билан ишлаш имконини беради.
Жараённи жойларда самарали ташкил этишда 55 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” ходимлари иштирок этди. Рўйхатга олиш даврида OneID тизимидан фойдаланиш кўлами ҳам сезиларли даражада ошди. Хусусан, мазкур даврда OneID тизимидан 2,1 миллион нафар янги фойдаланувчи рўйхатдан ўтди.
Шунингдек, аҳоли мурожаатларига тезкор жавоб бериш мақсадида call-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Рўйхатга олиш жараёни давомида call-марказ орқали кунига 2 мингдан ортиқ мурожаатга жавоб берилди.
Рўйхатга олиш тадбирининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида кенг қамровли ахборот-тарғибот ишлари амалга оширилди. Хусусан, умумий тушунтиришлар, мультипликацион роликлар, саволномаларни тўлдириш бўйича махсус видеоқўлланмалар, фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантирувчи материаллар, OneID тизими орқали рўйхатдан ўтиш тартибига доир видеолар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жами 10 дан ортиқ видеороликлар тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Фуқароларга рўйхатдан ўтиш тартиби, онлайн иштирок этиш имкониятлари, саволномани тўлдириш ва бошқа масалалар бўйича 30 дан зиёд брифинглар ўтказилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 1989 йилдаги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан 2 баробарга ошган. Жорий статистик ҳисоб-китоблар бўйича мамлакат аҳолиси 38 миллион 236 минг 704 нафарни ташкил этган бўлса, рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари бўйича 39 миллион 47 минг 321 нафарга етди. Фарқ 810 минг 617 нафарни ташкил этди. Аҳолининг жинси бўйича тақсимотига кўра, эркаклар сони 19 миллион 766 минг 166 нафарни, аёллар сони эса 19 миллион 281 минг 155 нафарни ташкил этди.
Жараёнда Ўзбекистон ҳудудида 1 йилдан ортиқ муддат истиқомат қилаётган 56,9 минг нафар хорижий давлат фуқароси ҳам рўйхатга олинди. Уларнинг асосий қисми Ҳиндистон, Россия ва Қозоғистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келди.
Рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, аҳолининг миллатлар бўйича таркибида ўзбеклар — 89,4 фоиз, тожиклар — 3,3 фоиз, қорақалпоқлар — 2,2 фоиз, қозоқлар — 1,8 фоиз, руслар — 1,6 фоиз, қирғизлар — 0,6 фоиз, туркманлар — 0,5 фоиз, бошқа миллатлар эса 0,6 фоизни ташкил этди. Аҳолининг 35,7 миллион нафари ёки 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган ва бу кўрсаткич этник ўзбеклар улушидан (89,4 фоиз) 1,9 ф.п.га юқори.
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, бир йиллик экин майдонлари 23,0 фоизга, боғлар ва токзорлар 18,8 фоизга, иссиқхоналар 2,2 фоизга ва балиқ боқиш ҳавзалари 15,0 фоизга кўплиги аниқланди. Чорвачилик кўрсаткичларида ҳам сезиларли ўзгартишлар кузатилди. Хусусан, йирик шохли қорамоллар сони жорий ҳисоб-китобларга нисбатан 14,9 фоизга, қўй ва эчкилар сони 6,2 фоизга, отлар сони 11,2 фоизга камлиги аниқланган бўлса, паррандалар сони 12,7 фоизга ўсган.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари келгусида демографик ўзгаришларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳудудлар кесимида жойлашувини баҳолаш, инфратузилмага бўлган эҳтиёжни аниқлаш, яшаш шароитлари ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича манзилли қарорлар қабул қилиш ва тегишли таҳлилларни амалга ошириш имконини беради.
Рўйхатига олиш натижалари давлат дастурлари, ҳудудий ривожланиш стратегиялари, инфратузилма лойиҳалари, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида режалаштириш ишларини янада аниқ ва манзилли ташкил этишга хизмат қилади.
Рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотлари Миллий статистика қўмитасининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида доимий равишда эълон қилиб борилади.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА