Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида сабзавотларнинг улуши етакчилик қилмоқда
Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида салмоқли натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, жорий йил 9 ой мобайнида мамлакатимиздан хорижий бозорларга 1 миллион 560 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб берилган.
Экспортнинг умумий қиймати эса 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, экспорт таркибида энг катта улуш сабзавот маҳсулотларига тўғри келган.
Ҳисобот даврида 557,2 минг тонна сабзавот хорижга сотилган. Шунингдек, 393 минг тонна мева ва резаворлар, 206,3 минг тонна тарвуз ва қовун экспорт қилинган. Қолган қисмдан 36,8 минг тоннаси мош, 16,7 минг тоннаси ерёнғоқ ва ёнғоқлар ҳиссасига тўғри келади. Бошқа турдаги маҳсулотлар экспорти эса 350,6 минг тоннани ташкил этган. Бу кўрсаткичлар мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги ўрнини, мева-сабзавот етиштириш ва экспорт салоҳиятини намоён этади.
Айни пайтда экспорт ҳажмининг ортиши билан бирга маҳсулот сифати, сақлаш ва қадоқлаш тизими, логистика ҳамда халқаро бозорлар талабларига мувофиқлик масалалари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, рақобатбардош экспорт фақат кўп маҳсулот етказиб бериш билан эмас, балки унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш билан ҳам белгиланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА