Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси ва "Raiffeisen Bank International" ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси ва "Raiffeisen Bank International" (RBI) ўртасида ҳисобварақ очиш ҳамда корреспондентлик муносабатларини ўрнатиш бўйича шартнома имзоланди.
Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон капитал бозори инфратузилмасини халқаро молия тизими билан интеграция қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, хорижий инвесторлар учун мамлакатимизнинг давлат ва корпоратив қимматли қоғозлар бозорига тўғридан-тўғри кириш имконини яратади. Бу, ўз навбатида, миллий капитал бозори ликвидлилигини ошириш билан бир қаторда, инвесторлар базасини кенгайтириш ҳамда қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоб, сақлаш ва хизмат кўрсатиш жараёнларига энг илғор халқаро тажрибаларни жорий этишга хизмат қилади. Ҳамкорлик доирасида миллий валютадаги облигациялар бозорини ривожлантириш, депозитар хизматлар сифатини яхшилаш ва глобал сармоядорларнинг маҳаллий активларга бўлган ишончини ошириш масалалари устувор йўналиш этиб белгиланди. Марказий депозитарийнинг операцион ишончлилиги ва замонавий технологияларга асосланган инфратузилмаси маҳаллий эмитентлар ҳамда глобал инвесторлар ўртасида самарали “молиявий кўприк” вазифасини ўтайди.
Мазкур келишув келгусида бошқа йирик глобал депозитарийлар ва халқаро кастодиан банкларнинг мамлакатимиз бозорига кириб келиши учун ижобий сигнал бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу ҳамкорлик трансчегаравий қимматли қоғозлар амалиётларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, Ўзбекистоннинг жаҳон молия харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси капитал бозорининг таянч институти бўлиб, ҳуқуқлар ҳисоби ва ҳисоб-китоб тизими ишончлилигини таъминлайди. "Raiffeisen Bank International AG" (RBI) эса бош офиси Венада жойлашган халқаро банк гуруҳи бўлиб, Марказий ва Шарқий Европада корпоратив ҳамда инвестиция банки сегментида етакчи молия институти ҳисобланади.
ЎзА