Ўзбекистон-RBI: ички молия бозорини ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда “Raiffeisen Bank International” (RBI) Бошқарув кенгаши аъзоси Райнер Шнабл ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, мамлакатда кузатилаётган макроиқтисодий тенденциялар, иқтисодий ўсиш суръатлари ҳамда инфляция кўрсаткичларининг ижобий динамикаси қайд этилди.
Райнер Шнабл ривожланаётган бозорлар орасида Ўзбекистон ислоҳотларни фаол амалга ошираётган давлатлар қаторида эканини таъкидлади. У мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорлик инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, халқаро молия бозорларида мамлакатимиз томонидан миллий валютада 12,2 триллион сўмлик суверен халқаро облигациялар 12,25 фоиз ставкада муваффақиятли жойлаштирилгани юқори баҳоланди.
Учрашувда RBI томонидан Ўзбекистон ички молия бозорига хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида кастодиан хизматларини йўлга қўйиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, RBI ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ўртасида корреспондентлик муносабатларини ўрнатиш ҳамда ҳисобварақ очиш бўйича шартнома имзоланди. Марказий банкда ҳисобварақ очилгани тўғрисидаги расмий тасдиқнома ҳам RBI вакилларига тақдим этилди.
Таъкидланишича, хорижий инвесторларни давлат қимматли қоғозлари бозорига жалб этиш инвесторлар базасини диверсификация қилиш ҳамда фоиз ставкаларини пасайтиришга хизмат қилади.
Вазирлик ахборот хизмати маълум қилишича, “Raiffeisen Bank International” (RBI) Австрияда жойлашган бўлиб, Марказий ва Шарқий Европа минтақасида фаолият юритувчи етакчи халқаро банк гуруҳларидан бири ҳисобланади. Банк корпоратив ва инвестицион банк хизматларини кенг кўламда тақдим этади. Шу билан бирга, у халқаро молия бозорларини маҳаллий бозорлар билан боғлаш, капитал бозорлари ва депозитар хизматлар соҳасида комплекс ечимларни таклиф этиш орқали ривожланаётган мамлакатларда молиявий инфратузилмани мустаҳкамлаш ва инвестиция оқимларини кенгайтиришга фаол ҳисса қўшади.
Учрашув якунида RBI Бошқарув кенгаши аъзоси Райнер Шнабл билан Ўзбекистонда ички молия бозорини, жумладан, давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА