Термиз шаҳридаги “Сурхондарёйўлкўкалам” унитар корхонаси солиқ ва бошқа юридик ташкилотлардан 1 миллиард 278 миллион сўм қарздор бўлиб қолган. Қарздор корхонага тегишли суд ҳужжатлари МИБ Термиз шаҳар бўлими иш юритувига қабул қилингач, ижро ҳаракатлари бошланиб, еттита автотранспорт воситаси хатловга олинди.
Бу жараёнда корхонага тегишли “Лада” русумли автомашина Термиз шаҳридан топилгач, хатловга олиш пайтида ҳайдовчи давлат ижрочиларининг қонуний талабига бўйсунмасдан қўпол қонунбузилиш ҳолатини содир этиб, воқеа жойидан кетиб қолади. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари чоғида автомашина топилиб, жарима майдончасига жойлаштирилди. Ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
—Суд ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан МИБ ходимлари қарздор ва унинг мол-мулки турган жой ҳақида маълумот бўлмаганда уларни қидириш тўғрисида қарор қабул қилиб, ижросини таъминлашга киришади, —дейди МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси масъул ходими Улуғбек Ҳайдаров. —Шунга мувофиқ ички ишлар ва бошқа давлат органлари ҳамкорлигида ташкил этган рейд тадбирларимизда қидирувда бўлган 300 дан ортиқ автотранспорт воситаси ҳамда алимент тўлашдан бўйин товлаб, қочиб юрган 55 нафар қарздорни топиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочиларига топширдик.
Бандихон туманида яшайдиган алиментчи қарздор ота ҳам ана шундай қидирув тадбирларидан бирида қўлга тушиб қолди. У турмуш ўртоғи билан ажрашгач, ишлаш мақсадида чет элга чиқиб, яқинларига пул жўнатиб турган бўлса-да, бир фарзандининг моддий таъминотини хаёлига ҳам келтирмаган. Она қарамоғидаги бегуноҳ жигаргўшаси ҳаётига бефарқ бўлган. Қарздор отага нисбатан тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман судида кўриб чиқилиб, қарийб 9 миллион сўм алимент қарздорлигини тўламагани учун унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу жазо қарздор отани алиментни тўлашдан озод этмайди.
Вилоятда ҳамкорликдаги рейд тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири