Қидирувдаги қарздор автомойкадан топилди
Ҳар бир ота-она ўз фарзанди вояга етгунига қадар унинг моддий таъминоти ҳақида қайғуриши, таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаслиги қонунда мажбурият сифатида белгиланган. Аммо шундай оталар ҳам борки, улар ўз зиммасидаги бурчни унутиш, дилбандларининг таъминотидан бўйин товлаш учун турли баҳона ва жойларни излаб юришади.
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимларининг қидирув ҳаракатлари натижасида алимент тўлашдан бўйин товлаб келган ана шундай қарздор шахс аниқланди.
Бюронинг Давлатобод тумани бўлими томонидан алимент тўлашдан бўйин товлаб келган қарздор қидирувга берилган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида қарздор Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани ҳудудида жойлашган автомойкада эканлиги аниқланиб, давлат ижрочисига топширилди.
Маълум бўлишича, у бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан бош тортиб келиб, ҳозирга қадар тўпланган алимент қарздорлиги 31 миллион сўм миқдорига етган.
– Бола таъминоти учун белгиланган алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажармаслик нафақат қонуний талабларни бузиш, балки фарзанднинг моддий манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади, – дейди МИБ Давлатобод туман бўлимининг бошлиғи Қобилжон Арслонов. – Шундай экан, келгусида ҳам алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, қарздорларни аниқлаш ва уларнинг қонуний мажбуриятларини бажаришларига эришиш борасидаги амалий ишларимизни изчил давом эттирамиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири