“Қазгидромет”нинг хабар беришича, бир қатор ҳудудларда тоғлар ҳамон қор билан қопланган. Шу билан бирга, тўсатдан кунларнинг исиши ва кучли ёмғир мамлакатда қор эриши ва сув тошқинларига сабаб бўлиши мумкин, деб хабар беради “Kazinform” ахборот агентлиги.
Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, яқин кунларда Қозоғистонда кучли ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Шимолий, марказий ва шарқий ҳудудларда кечаси ёмғир ёғиб, қорга айланади. Шунингдек, мамлакат бўйлаб шамол кучайиши ҳам мумкин.
Апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида эса бутун Қозоғистонда 20-22 даражагача исиш кузатилади.
“Метеорологик станцияларда олиб борилган узоқ йиллик кузатувларга кўра, бир ойлик ёғингарчилик бир кунда ёғиши мумкин, бу эса хавфли табиий гидрометеорологик ҳодисаларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Ҳароратнинг кўтарилиши ва кучли ёмғир ёғиши натижасида Қозоғистоннинг жануби-шарқий тоғ дарёлари бўйлаб кучли ёмғирли сел келиши мумкин”, дейилади хабарда.
ЎзА