"Ўзбекнефтгаз" АЖ ахборот хизматига кўра, бир қатор шахсларга автомобиль бензини сотиб олиш харажатларининг бир қисми ойлик пул компенсацияси сифатида тўланади.
Ҳукумат ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиянинг 2024 йил 15 мартдаги қарори билан ушбу турдаги компенсациянинг янги миқдори белгиланди.
Унга кўра, бензин учун компенсация миқдори 2024 йил I чоракдан бошлаб 124 780 сўмни ташкил қилади. Қайд этиш жоизки, бензин учун компенсация миқдори 2023 йил II чорагида 55 фоизга оширилиб, 116 180 сўмни ташкил қилган эди. III чорагида эса ушбу миқдор 119 640 сўмга, IV чоракдан бошлаб 120 660 сўмга оширилган.
Бензин учун компенсация тўловлари «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан молиялаштирилади.
Маълумот ўрнида, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар, уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногиронлар, I ва II гуруҳ болаликдан ногиронлар ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқига эгадир.
Эслатиб ўтамиз, компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар яшаш жойи бўйича пенсия ва нафақалар тайинланадиган органларга мурожаат қилади.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА