Суюлтирилган газ учун бериладиган компенсациядан кимлар фойдаланиши мумкин?
Чекка ҳудудларда табиий газ тармоғига уланмаган аҳолининг аксарияти суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланади ва газ баллон харид қилиш айрим оилалар учун ойлик харажатларнинг сезиларли қисмини ташкил этади.
Энди белгиланган мезонларга мос оилаларга суюлтирилган газ хариди харажатининг бир қисми қоплаб берилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2030 йил 1 январга қадар харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан компенсация тўланади. Бироқ тўлов бир ойда кўпи билан 20 килограмм газ учун ҳисобланади.
Демак, 20 килограммли газ баллони учун энг кўп компенсация миқдори 60 минг сўмни ташкил этади. Газнинг белгиланган нархи эса бир килограмм учун 5 минг сўм этиб белгиланган. Шундай қилиб, 20 килограмм газ харид қилган оилага 100 минг сўмлик харажатнинг 60 минг сўми қоплаб берилиши мумкин.
Хўш, компенсация кимларга берилади? Қайд этилишича, ушбу ёрдам барча хонадонларга эмас, балки белгиланган ижтимоий мезонларга мос оилаларга ажратилади. Жумладан, ижтимоий реестрга киритилган оилаларга, реестрга киритилмаган, аммо жон бошига тўғри келадиган ўртача даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилаларга ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшайдиган оилаларга кўзда тутилган.
Компенсация олиш истагидаги фуқаролар бир нечта усулда мурожаат юбориши мумкин.
Бунинг учун Давлат хизматлари маркази, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ёки маҳалладаги ижтимоий ходимга мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, аризаларни my.gov.uz портали ва “Ижтимоий карта” мобил иловаси орқали ҳам юбориш имконияти яратилган.
Тасдиқланган компенсация маблағлари фуқаронинг ижтимоий картасига ўтказилади. Бунда оиланинг ёрдам олиш ҳуқуқи ва газ хариди ҳар ой автоматик равишда текшириб борилади. Муҳими, мазкур тартиб орқали ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг газ таъминоти билан боғлиқ харажатларини енгиллаштириш кўзда тутилган. Зеро, аҳоли учун энергия манбаларининг ҳамёнбоп бўлиши нафақат маиший қулайлик, балки оилавий бюджет барқарорлиги учун ҳам муҳимдир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА