
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги сув омборларидан бири очиб юборилгани, сувга қўшилиб миллионлаб майда балиқлар ҳам оқиб чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалди ва кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида фотомухбир билан Яккабоғ туманига қараб йўл олдик.
Аниқланишича, ушбу сув омбори Яккабоғ туманидаги сел сувларини йиғишга мўлжалланган Қизилсув сув омбори экан. Ҳудуд Нўғайли қишлоғига қарашли бўлгани боис, халқ тилида Нўғайли сув омбори деб ҳам юритилади.
Сув омборига етиб бордик. Ҳақиқатда омбор охиригача қуритилган. Хўш, унинг суви нега бемаҳалда очиб юборилди, сув омбори бошлиғидан изоҳ сўрадик.
[gallery-22078]
– Сув омборимиз 1980 йил қурилиши бошланиб, 1991 йил эксплутацияга топширилган, – дейди Қизилсув сув омбори участкасининг бошлиғи Тошкент Сиддиқов. – Сув омбори 9 миллион метр куб сув ҳажмига эга. Ҳозирги пайтда 5 миллион 800 метр куб фойдали ҳажми бор. Асосан Турнабулоқ дарёсидан тўйинади. Йиғилган сув қишлоқ хўжалик экинларини суғориш учун Яккабоғ гидроузели орқали тарқалади. Сувни очишимизга сабаб қурилгандан буён тиклаш- таъмирлаш ишлари бажарилмаган эди. Авария эшиги, санитар қувурларида таъмирлаш- тиклаш ишларини олиб боришимиз керак эди. Яъни уларни янгисига алмаштиришимиз зарур. Чунки уларнинг йиллар ўтиб емирилиши оқибатида сув сизиш ҳолатлари кузатилаётганди. Сувни тўлиқ қуритмасдан эса бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун хабарнома асосида сувни чиқарганмиз. Қизилсув сув омборидан чиққан сув Яккабоғ гидроузели орқали Чимқурғон сув омборига ташланган. Шунчаки сув оқизиб юборилгани йўқ.
–Таъмирлаш- тиклаш ишлари қанча вақт олади ва шундан кейин ҳам бу йилги мавсум учун етарлича сувни йиғиш имкони бўладими,– сўраймиз масъулдан.
– Албатта, ҳозир сувнинг энг кам келадиган маҳали, – дейди Т.Сиддиқов. – Таъмирлаш- тиклаш ишларини узоғи билан тўрт кун ичида тамомлаймиз ва сув омборида қайтадан сув йиғишни бошлаймиз. Агарда у вақтида таъмирланмаса, келгусида фожеали ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Сув омбори 170 метрлик туннелининг ичкарисига кириб, ҳолатни ўз кўзимиз билан кўрдик. Сувни очиб- ёпувчи дарвозалар таъмирталаб аҳволга келиб қолган.
Очиб юборилган сувдаги балиқлар масаласига масъул ҳеч қандай изоҳ бермади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_NsEnXO8xWM?si=s0bs-8GrKhfJ0_hq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари