Қашқадарёда пахта йиғим-терими бошланди
Қашқадарё вилоятида пахта йиғим-терими мавсуми бошланди. Мавсум олдидан вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги масъуллар Қарши шаҳридаги “Хўжаи Жарроҳ” қадамжосида бўлиб, жонлиқ сўйилиб, тиловат қилинди. Йиғим-терим мавсумини баракали ва беталафот ўтказиш, шунингдек, 2027 йил ҳосили учун бошоқли дон экиш ишларини хайрли бошлаш ният қилинди.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилда 6 минг 111 та фермер хўжалиги томонидан 129 минг 300 гектардан ортиқ майдонда ғўза парваришланди. Шундан 39 минг 123 гектари замонавий Шинжон технологияси асосида экилган.

Мавсумда етиштирилган 614 минг тонна пахта хом ашёсини нест-нобуд қилмай йиғиб олиш мақсадида 18 та пахта-тўқимачилик кластери ва уларга қарашли 65 та қабул маскани тайёр ҳолатга келтирилди. Фермер хўжаликлари билан фьючерс ва форвард шартномалари ҳам тўлиқ имзоланган.

Ҳосилни қисқа муддатда йиғиб-териб олиш учун 288 дона замонавий пахта териш машинасидан фойдаланиш режалаштирилган. Айни пайтда техникаларнинг мавсумга шайлиги текширилиб, диагностика-ростлаш ва сервис хизматлари якунланмоқда.

Машиналардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида операторлар учун махсус ўқув курслари ташкил этилди. Натижада 500 нафардан ортиқ оператор-ҳайдовчига малака сертификатлари топширилди.

Мазкур чора-тадбирлар пахта ҳосилини қисқа муддатда, техник узилишларсиз ва беталафот йиғиб олишга қаратилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири