Камбағалликдан фаровонлик сари
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борадаги ишлар одамларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, касб-ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва оилалар фаровонлигига қаратилган. Навоий вилоятида ҳам белгиланган вазифалар ижроси доирасида маҳаллалар, туман ва шаҳарлар кесимида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
– Йил бошида вилоятда камбағал аҳоли сони 46,5 минг нафарни, камбағаллик даражаси 4,2 фоизни ташкил этган эди. Ишсизлар сони 20,5 минг нафар, ишсизлик даражаси ҳам 4,2 фоизга тенг бўлган, – дейди вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Лутфулло Хайруллаев. – Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар натижасида камбағал аҳоли сони 26,8 минг нафарга, камбағаллик даражаси 2,4 фоизга тушди. Ишсизлар сони эса 18,7 минг нафарни, ишсизлик даражаси 3,6 фоизни ташкил этди. Демак, йил бошига нисбатан камбағал аҳоли сони 19,7 минг нафарга қисқарди.

Аҳоли бандлигини таъминлашда “Лойиҳавий ёндашув” асосида иш ташкил этилгани муҳим самара бермоқда. Жумладан, январь-сентябрь ойларида 22,4 минг нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириш режалаштирилган бўлса, амалда 25,2 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, режа 113 фоизга бажарилди. Инвестиция лойиҳалари ҳисобига 2 минг 976 нафар, хизмат кўрсатиш соҳасида 5 275 нафар, қишлоқ хўжалигида 2 минг 202 нафар, қурилиш соҳасида 711 нафар аҳоли иш билан таъминланди. Бўш иш ўринларига жойлаштириш орқали 3 569 нафар, тижорат банклари кўмагида эса 10 484 нафар фуқаро доимий ишга эга бўлди.
Вилоятда норасмий бандликни қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тўққиз ойда 27,2 мингта иш ўрнини расмийлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 34,2 мингта иш ўрни “соя”дан чиқарилди. Шунингдек, аҳоли даромадини ошириш бўйича режадаги 120,2 минг нафар ўрнига 149,1 минг нафар фуқаронинг даромад манбаи яхшиланди. Бунда кичик ва ўрта бизнес кредитлари орқали 70 минг 961 нафар, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар ҳисобига 37 минг 358 нафар аҳолининг даромади оширилди.
Меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш мақсадида жорий йилнинг ўн ойида 3 373 нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга жалб этилди. Шу даврда 227 маротаба меҳнат ярмаркаси ташкил қилиниб, уларда 3 минг 311 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди.

Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва янги даромад манбаларини яратишда ҳоким ёрдамчилари ҳамда маҳалла банкирлари ҳамкорлиги муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида улар иштирокида умумий қиймати 923,4 миллиард сўмлик 10 891 та микролойиҳа амалга оширилиб, 23 минг 66 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Лойиҳаларнинг 3 237 таси камбағал оилалар иштирокида ташкил этилган. Соҳа кесимида қишлоқ хўжалигида 6 771 та, саноатда 1 808 та ва хизмат кўрсатиш йўналишида 2 312 та микролойиҳа ишга туширилди.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўн ой давомида 14 467 та оилага, яъни 51,6 минг нафар аҳолига 20 660 та хизмат кўрсатилди. Натижада 7,3 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 3,7 минг нафарига имтиёзли кредитлар, 160 нафарига субсидия ва ссудалар ажратилди. 8,6 минг нафар аҳоли тадбиркорликка жалб қилинди.
Томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш ҳам аҳоли даромадини оширишнинг муҳим йўналишидир. Вилоятдаги 143,1 мингта хонадон ихтиёрида 12,8 минг гектар томорқа ер майдони мавжуд. Уларнинг 9,5 минг гектарига баҳорги, 8,2 минг гектарига такрорий, 782,8 гектарига тўқсонбости экинлари экилди. “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 3 минг гектар ижара ерида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш йўлга қўйилди.

Шунингдек, 628 гектар майдонда боғлар барпо этилиб, 2 728 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди. Камбағалликни қисқартириш ишларининг манзиллилигини ошириш мақсадида янги механизм ҳам жорий этилди. Ушбу механизм асосида субсидия ажратиш бўйича 2,4 миллиард сўмлик 528 та лойиҳа тўлиқ молиялаштирилди. Имтиёзли кредитлар йўналишида 127 та лойиҳага 6,1 миллиард сўм ажратилди. Бешта кичик ва ўрта лидер тадбиркорнинг 2,2 миллиард сўмлик лойиҳалари ҳам шакллантирилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Навоий, Зарафшон ва Ғозғон шаҳарлари, Навбаҳор, Учқудуқ ва Томди туманлари “Камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудуд” мақомига эришди. Эришилган натижалар соҳадаги ислоҳотлар самарасини кўрсатмоқда.
Айни пайтда янги иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш, ажратилган кредит ва субсидияларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, микролойиҳалар фаолиятини ривожлантириш муҳим вазифалардан бўлиб қолмоқда. Чунки бу борадаги ишларнинг ҳақиқий натижаси ҳар бир оиланинг барқарор даромадга эга бўлиши, меҳнат қилиш имкониятларининг кенгайиши ва турмуш фаровонлигининг юксалишида намоён бўлади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири