Наманган халқаро кредит рейтингига эга бўлди
Республикамизнинг кичик бизнес, саноат ва тадбиркорлик маркази бўлган Наманган вилояти иқтисодий ривожланишида муҳим тарихий воқеа юз берди. Вилоят илк бор нуфузли “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигидан “BB” даражасидаги халқаро кредит рейтингини қўлга киритди.
Рейтинг прогнози “Барқарор” (“Stable”) этиб белгиланди. Бу воқелик Наманган вилоятининг глобал иқтисодий харитадаги ўрнини мустаҳкамлаб, хорижий ҳамкорлар ва инвесторлар учун ишончли манзил эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Эътироф этиш даркор, мазкур натижа Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳияти, молиявий барқарорлиги ва инвестициявий жозибадорлиги халқаро миқёсда эътироф этилганини англатади.
– Халқаро рейтинг вилоятимиз учун янги инвестиция имкониятларини очади. Бу ўз навбатида, хорижий инвесторлар учун вилоятнинг иқтисодий ва молиявий ҳолатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш имконияти юзага келади, – деди Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Зуҳриддин Баҳриддинов. – Халқаро банклар, инвестиция фондлари ва молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш осонлашади. Йирик саноат, инфратузилма, энергетика ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларига хорижий капитал жалб қилиш имкониятлари ортади. Инвесторлар учун молиялаштириш шартларини яхшилаш ва маблағ жалб қилиш харажатларини камайтиришга замин яратилади. Давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларга халқаро компанияларни жалб қилиш учун қўшимча ишонч омили шаклланади.

Эътиборлиси шундаки, Наманган вилоятнинг молиявий кўрсаткичлари ҳам ижобий ўсиш динамикасини намоён этмоқда. Жумладан, ўтган 2025 йилда бюджет тушумлари 4 триллион 157 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 3 триллион 644 миллиард сўм тушум таъминланди. Йил якуни бўйича эса ушбу кўрсаткич 5 триллион 3 миллиард сўмга етиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан бюджет тушумлари 846 миллиард сўмга ёки 20,4 фоизга ўсишини англатади. Мазкур ўсиш вилоят иқтисодиётининг кенгайиши, тадбиркорлик фаоллигининг ортиши ва ҳудуднинг молиявий имкониятлари мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Энг муҳими, халқаро кредит рейтинги Наманган вилоятини хорижий инвесторлар учун янада очиқ, шаффоф ва ишончли ҳамкорга айлантиришда муҳим қадамдир. Энди ушбу имкониятдан самарали фойдаланиб, янги инвестицияларни жалб қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, экспортни кенгайтириш ва аҳоли бандлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бинобарин, ушбу рейтинг инвесторларга Наманганнинг иқтисодий салоҳияти, молиявий барқарорлиги, инвестиция муҳити ва келгусидаги ривожланиш истиқболларини халқаро мезонлар асосида баҳолаш имконини беради.
Хуллас, рейтингдаги эътирофли ютуқ вилоятнинг халқаро майдондаги иқтисодий очиқлиги ва инвестицион жозибадорлиги янада ошганидан далолат беради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири