Қашқадарёда эҳтиёжманд фуқароларга даромад манбаи яратишга кўмаклашилмоқда
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнат қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида эҳтиёжманд фуқаролар учун даромад манбаи яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида зарур меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб берилди.

Эътиборлиси, кўмак кўрсатишда ҳар бир фуқаронинг касб-ҳунари, қизиқиши ва мавжуд имкониятлари инобатга олинди. Шу асосда уларга ўз меҳнат фаолиятини бошлаш ёки мавжуд ишини кенгайтириш учун зарур жиҳозлар топширилди.

Бундай ёндашувнинг аҳамияти шундаки, фуқарога бир марталик ёрдам кўрсатиш билан чекланилмай, унинг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда. Бу эса оила фаровонлигини ошириш билан бирга, инсоннинг меҳнат қилиб, ўз имкониятлари асосида даромад топишига замин яратади.

Амалга оширилаётган ишлар орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини кўпайтириш ва маҳаллаларда камбағалликни қисқартиришга эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ўз касбига эга, аммо уни ривожлантириш учун зарур жиҳозлари етишмайдиган фуқароларни қўллаб-қувватлаш уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилаётган бундай эзгу ташаббуслар аҳолига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлиб, инсонларнинг ўз меҳнати орқали муносиб даромад топиши ва фаровон ҳаёт кечириши учун янги имкониятлар яратмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири