Оилалар фаровонлигини оширишда муҳим ташаббус
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан жойларда ҳоким ёрдамчиларининг ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш йўналишида олиб бораётган ишларини ёритишга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ва барқарор даромад манбаларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва галдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2025 йил давомида тижорат банклари томонидан “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” мақсадида 811 нафар фуқарога жами 14 миллиард 300 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилди. Шунингдек, томорқа хўжалигидан оқилона фойдаланиш, уни даромад манбаига айлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда Сайхунобод тажрибаси асосида туман ҳудудидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 24 миллиард 711 миллион сўмлик 641 лойиҳа ишга туширилди.
[gallery-29406]
Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига 2026 йил 1 чораги давомида 419 нафар ишсиз фуқаро иш сўраб мурожаат этган бўлиб, шундан 255 нафарига тумандаги муассаса ва корхоналарга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди ва бандлиги таъминланди. 1 чорак давомида 248 нафар фуқарони доимий иш билан банд қилиш бўйича режа бажарилди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими билан ҳамкорликда туманда ҳоким ёрдамчилари томонидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар бўйича пресс-тур ташкил этилди.
Унда асосан маҳаллаларда имтиёзли кредит ва субсидиялардан самарали фойдаланиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган фуқаролар фаолияти билан яқиндан танишилди. Шунингдек, томорқаларидан самарали фойдаланиб, оиласи даромадини ошираётган, инкубатор орқали жўжа етиштириш ва пиллачилик билан шуғулланиб, мавсумий бандликка эришаётган фуқароларнинг ишлари ҳам ўрганилди.
Тумандаги “Оқжап” овул фуқаролар йиғинида яшовчи А.Сейдаметов оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, 2 дона замонавий инкубатор қурилмасини ишга туширган. Бугунги кунда оила даромади ошиб, маҳаллада янги имкониятлар яратилмоқда. Меҳнат ва интилиш билан бошланган бу иш битта оиланинг фаровонлигини таъминлаб қолмасдан, балки ҳудудда тадбиркорлик ва бандликни ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, бундай амалий ташаббуслар аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини ошириш ва маҳаллаларда ишбилармонлик муҳитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.