Қарздордан алимент пуллари ундириб берилди
Алимент мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилиши – вояга етмаган фарзандларнинг муносиб ҳаёт кечириши, таълим олиши ва ҳар томонлама камол топишида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис алимент қарздорликларини бартараф этиш, болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда ундирувчиларнинг ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Поп тумани бўлими томонидан алимент қарздорлигини ундириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида қарздор Х. Б дан ундирувчи Т. М фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун жами 219 миллион 248 минг 246 сўм алимент маблағи ундирилди.
Ундирилган маблағлар ундирувчининг банк пластик картасига ўтказиб берилиши таъминланди. Бу эса фарзандлар таъминоти билан боғлиқ мавжуд қарздорликни бартараф этиш, уларнинг моддий манфаатларини таъминлаш ҳамда алимент ундиришга оид ижро ҳужжатининг амалда бажарилишида муҳим натижа бўлди.

– Алимент тўловлари шунчаки молиявий мажбурият эмас, балки ота-онанинг фарзандлар олдидаги масъулиятининг муҳим ифодасидир, – дейди Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов. – Вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти, соғлом ўсиши ва келажаги учун зарур шарт-шароитларни яратишда алимент мажбуриятларининг бажарилиши алоҳида ўрин тутади.
Дарҳақиқат, фарзандлар манфаати, уларнинг эртанги куни ва муносиб келажаги учун хизмат қиладиган алимент маблағларини ундиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар келгусида ҳам ичил давом эттирилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири