Қарз олувчи ҳуқуқи: кредит вақтидан аввал тўланганда фоиз тўловлари камайтириладими?
Кредит олиш бугунги кунда кўпчилик учун молиявий мақсадларга тезроқ эришиш воситасига айланган. Бироқ, қарз юкидан имкон қадар тезроқ қутулиш ва ортиқча харажатларнинг олдини олиш истаги ҳар бир қарз олувчида табиий равишда пайдо бўлади. Қўшимча даромад манбаи юзага келганда ёки маблағ йиғилганда, кўпчиликни бир савол ўйлантиради: агар кредитни шартномада кўрсатилган муддатдан олдин ёпсам, банк фоиз тўловларини камайтирадими ёки йиллар давомида ҳисобланган барча фоизларни тўлашимга тўғри келадими?
Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича ҳуқуқий тушунча берди:
–Ўзбекистон қонунчилигига кўра, банклар қарзни муддатидан олдин қайтаришга тўсқинлик қилиш ёки бунинг учун қўшимча комиссиялар ундириш ҳуқуқига эга эмас. Кредитни муддатидан олдин тўлашда асосий қарз суммаси ва кредит берилган кундан то тўлаш кунигача ҳисобланган фоизларни қайтариш керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисобрақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари узилгани учун неустойка ундириш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси "Истеъмол кредити тўғрисида" қонунининг 16-моддасига мувофиқ истеъмолчи олинган истеъмол кредити суммасини қайтаришни ва мазкур кредит бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашни муддатидан илгари амалга оширишга ҳақли.
Бундай ҳолда истеъмолчи фақат истеъмол кредитидан ҳақиқатда фойдаланилган муддат учун фоизлар тўлайди.
–Муддатидан олдин қўшимча тўлов киритиш ҳақида банкни огоҳлантириш мажбурийми?
–Ҳа, муддатидан олдин қўшимча тўлов киритиш ниятингиз ҳақида банкни огоҳлантириш мажбурийдир. Акс ҳолда, ҳисобингизга ўтказилган қўшимча маблағлар қарзни ёпиш учун ҳисобланмай, шунчаки ҳисобда қолиши мумкин ва банк аввалги қарз суммасига фоизларни ҳисоблашда давом этади.
Муддатидан олдин тўлов киритиш учун мобил илова ёки интернет-банкдан фойдаланинг, унда “Муддатидан олдин тўлаш” функцияси мавжуд. Қисман ёки тўлиқ тўлашни танланг ва электрон ариза юборинг. Шу билан бирга, телефон орқали ёки банк филиалида хабардор қилиш мумкин, лекин онлайн усул одатда тезроқ.
Демак, кредит шартномасини муддатидан аввал ёпиш бўйича Ўзбекистон қонунчилигида ҳеч қанақа чекловлар йўқ. Фақат бундай ҳаракатларни амалга оширишдан аввал банкни мобил илова, интернет-банк, телефон орқали ёки банк филиалида огоҳлантириш керак. Бу ҳаракатлар келажакда тарафлар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммоли вазиятлар ва ҳуқуқий англашилмовчиликларнинг олдини олади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА