Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик
Бугунги кунда мамлакатимизда касбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш билан бир қаторда, ёш авлоднинг ижтимоий фаоллигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, техникумларда таҳсил олаётган йигит-қизларнинг нафақат касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, балки уларнинг ижодий, интеллектуал ҳамда тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ушбу эзгу мақсадларни амалга ошириш, ёшлар билан ишлашнинг янги ва самарали механизмларини жорий этиш йўлида муҳим қадам ташланди. Хусусан, Касбий таълим агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида техникум ўқувчиларининг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур ҳужжат икки ташкилот ўртасидаги куч ва имкониятларни бирлаштириб, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

Бугунги кунда республикадаги 643 та техникумда 529 минг 150 нафар ўқувчи 375 та йўналиш бўйича касб-ҳунар эгалламоқда. Меморандум доирасида техникумларда Иттифоқнинг бошланғич ташкилотлари ва Ёшлар кенгашлари фаолияти йўлга қўйилади. Кенгашлар орқали ўқувчилар тенгдошларининг манфаатларини ифода этиши, таклифларини илгари суриши ва ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириши мумкин бўлади.
Ҳамкорлик доирасида иш берувчилар билан учрашувлар, менторлик, амалиёт ва стажировкалар ҳамда хорижий тиллар, рақамли саводхонлик ва тадбиркорлик бўйича лойиҳалар кўзда тутилган.

Тадбирда Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Хайрулла Сатторов ўқувчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда замонавий касблар, бандлик ва халқаро имкониятлар бўйича ёшларнинг савол ва таклифлари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА