Ёзёвонда фазовий режалаштириш ишлари бошланди
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида истиқболдаги ривожланиш йўналишларини белгилаш, ҳудудий имкониятлардан самарали фойдаланиш ва мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш мақсадида фазовий-ҳудудий режалаштириш ишлари бошланди.
Шу муносабат билан туман ҳокимлигида Хитойнинг шаҳарсозлик ва лойиҳалаш соҳасида фаолият юритувчи нуфузли «China Urban Construction Design & Research Institute Co., Ltd.» давлат илмий-тадқиқот ва консалтинг институти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда туман ҳокими Дилшоджон Жалилов хорижий компания вакиллари билан суҳбатлашиб, Ёзёвон туманининг мавжуд имкониятлари, иқтисодий салоҳияти ва истиқболдаги тараққиёт режалари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, ҳудудни комплекс ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида туманнинг узоқ муддатли тараққиёт мақсадлари, устувор йўналишлари ва фазовий-ҳудудий ривожланиш концепциясини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, ҳудуднинг табиий ва иқтисодий салоҳияти, мавжуд инфратузилмаси, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, туманнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган таклифлар юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида амалга оширилаётган «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» ҳамда «Ўзбекистонда яшаш учун қулай ва барқарор шаҳарлар» дастурлари доирасида Жаҳон банки иштирокида амалга оширилмоқда.
Туроб Ниёзов, ЎзА