Қаҳратонда Европа газсиз қоладими?
Европа Иттифоқи қишни газ захираси камайган шароитда кутиб олмоқда: кучли совуқ келса, талабнинг 12-15 фоизи миқдорида етишмовчилик кузатилиши мумкин. 1 октябрь ҳолатига кўра, омбор атиги 72 фоиз тўлган. Ўтган йилнинг шу даврида айни кўрсаткич 83 фоиз эди.
Европа газ узатиш тармоғи ҳисоботида Россия қувури орқали газ етказиб бериш тўхташи шароитидаги хавф баҳоланган. Агар қишда кўҳна қитъани газ билан таъминлайдиган йирик денгиз инфратузилмаси ишдан чиқса ва Жазоирдан тортилган қувур орқали келадиган импорт ҳам тўхтаса, айрим ҳудудларда таъминот жиддий чекланиши мумкин. Айниқса, газни денгиз терминали ёки қувур орқали олиш имкони камроқ Марказий ва Жануби-шарқий Европа мамлакатлари хавф остида қолади.
Газ таъминоти масаласида Европа суюлтирилган табиий газ, хусусан АҚШ етказиб берадиган ҳажмга тобора кўпроқ таянмоқда. Ҳурмуз бўғозидаги чеклов Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларидан газ импортини қийинлаштириб, Европа – Осиё рақобатини кучайтирган. Ҳисоботда ҳатто суюлтирилган газ етказиб бериш қисқарса, одатий қиш шароитида ҳам омбордаги захира 2027 йил март ойига келиб 13 фоизга тушиши тахмин қилинган. Бу газ нархи кўтарилиши ва энергия кўп талаб қилинадиган саноат корхоналарида ишлаб чиқариш камайиши эҳтимолини кучайтиради.
Мусулмон Зиё, ЎзА