Европа газ танқислиги хавфи остида(ми)?
Европа Иттифоқи қиш мавсуми олдидан газ омборларини тўлдиришда жиддий босимга дуч келмоқда. Жорий йил июль ойи охирида омборлар атиги 5 фоизга тўлган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 12 фоиз пунктга паст. Ҳозирги суръат сақланса, 1 ноябрга келиб захиралар 69-84 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.
Вазиятни Яқин Шарқдаги кескинлик ва Ҳурмуз бўғозида газ ташишдаги узилишлар янада мураккаблаштирмоқда. Дунёдаги газ транзитининг тахминан 20 фоизи шу йўлак орқали ўтиши сабабли Европа учун суюлтирилган табиий газ – LNG таъминоти қисқармоқда.
Айни пайтда АҚШдан келаётган LNG юкларининг бир қисми Европа ўрнига кўпроқ ҳақ таклиф қилаётган Осиё бозорига йўналтирилмоқда.
Масалан, май-июль ойларида Европа ойига ўртача 105 та LNG юки қабул қилган. Омборларни ноябргача 80 фоизга етказиш учун эса ойига камида 130 та юк керак бўлади, ҳозирги шароитда бу кўрсаткичга эришиш қийин. Германияда вазият янада мураккаб: июль охирида мамлакат газ омборлари атиги 46 фоиз тўлган.
Захираларнинг пастлиги қишда совуқ ҳаво ёки таъминотда янги узилиш юз берса, нархларга босимни кучайтириши мумкин. Европа комиссияси ҳозирча газ таъминоти хавфсизлиги учун таҳдид йўқлигини билдирмоқда, бироқ Осиё билан LNG учун рақобат ва глобал бозордаги беқарорлик қиш олдидан асосий хавф бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА