Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин кенгайтирилган таркибдаги музокарани якунлади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков яккама-якка учрашув бошланганини маълум қилди.
Россия – Корея муносабатига тўхталар экан, у Россия ҳар қандай сиртқи чақириқ, изоҳларга қарамай, КХДР билан алоқани ўзаро манфаатли асосда ўрнатишини айтди.
“Ҳақиқат шуки, Шимолий Корея яқин қўшнимиз. Биз қўшнилар билан муносабатни ўзимиз ва қўшниларимиз учун фойдали тарзда қурамиз”, - деди Песков “Россия” телеканалига берган интервьюсида. Унинг қайд этишича, Россия БМТда КХДРга қарши санкция масаласида мавжуд позициясини сақлаб қолади, бироқ бу Россия – Шимолий Корея муносабати ривожланишига тўсқинлик қила олмайди. Фақат икки суверен давлатга тегишли ўзаро муносабат бошқа давлатларни ташвишга солмаслиги керак.
Кремль вакили, шунингдек, Путин ва Ким Чен Ин ўртасидаги музокара якуни бўйича ҳужжат имзолаш режалаштирилмаганини айтди.
Шимолий Корея етакчиси поездда космодром ҳудудидаги темир йўл вокзалига етиб келди. Путин ва Ким Чен Ин учрашуви янги Aнгара ракетаси йиғилаётган, ракета ўрнатиладиган ва синовдан ўтказиладиган бинода бўлиб ўтди.
Икки давлат раҳбарлари ўзаро ва журналистлар билан қисқача суҳбатлашди. Россия Президенти ва олий мартабали меҳмон “Восточний” космодромидаги объектларни кўздан кечирди. “Aнгара” ракетаси йиғиладиган майдончага ташриф, “Союз-2” ташувчисини учириш мажмуасини кўздан кечириш ҳам кутиляпти.
Ким Чен Ин “Восточний” космодроми кўрсатилган биринчи хорижий давлат раҳбари эмас. Бу ерга турли вақтларда Беларусь Президенти Aлександр Лукашенко ва Мьянма раҳбари Мин Aунг Хлаинг ташриф билан келган. Космодром кўздан кечирилгач, шу ҳудудда тўғридан-тўғри юқори даражадаги Россия - КХДР музокараси режалаштирилган.
Песков аввалроқ таъкидлаганидек, Путин ва Ким Чен Ин биринчи навбатда икки томонлама муносабатга эътибор қаратади, шунингдек минтақа ва халқаро майдондаги вазият юзасидан фикр алмашади.
ЎзА