2026 – хакерлар йилими?
Куни кеча хакерлар гуруҳи “Visa”, “Mastercard” ва “JPMorgan Chase” банкларига хакерлик ҳужуми уюштиргани маълум қилинди. “Натижада минглаб мижоз маълумоти ошкор қилинди”, деб ёзган “The Wall Street Journal” нашри.
Афсуски, кибер ҳужум ҳақидаги хабарлар сўнгги пайт кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ. Рақамли дунё тараққий этгани сари технологиядан ғаразли мақсадда фойдаланишни кўзлаётган яширин гуруҳларнинг ҳужум воситалари ҳам шундай жадал такомиллашмоқда.
Узоққа бормайлик, октябрь ойида “Binance” крипто валюта биржасига кенг кўламли электрон ҳужум уюштирилди: платформадан тахминан 6,3 миллиард долларлик валюта ўғирланди. Компания маълумотига кўра, жиноятчилар амалиётни бир неча ой давомида режалаштирган.
Инфильтрация усулларидан бири сохта интервьюдир. Масалан, хакер ўзини хаёлий компания ходими сифатида кўрсатиб, ходимдан тест бажаришни сўраган. Юклаб олинган кодда ички тизимга кириш учун йўл очувчи зарарли дастур мавжуд бўлган.
Федерал қидирув бюроси – ФҚБ ҳужумни Шимолий Корея билан боғлади. Пхеньян эса айбловни инкор этди.

Яқинда замонавий дунё рақамли тизимга ўта боғлиқлиги яна бир бор эслатилди. Аввалига кенг кўламли узилиш “Microsoft” хизматига таъсир кўрсатди, кейин Қўшма Штатлар ҳаво қатнови тизими жиддий муаммога дуч келди. Федерал авиация маъмурияти (ФАА) мамлакат бўйлаб бир неча соат давомида ҳаво ҳаракатини тўхтатди. Минглаб рейс бекор қилинди ёки кечиктирилди. Бу воқеалар деярли бир вақтда содир бўлиши эҳтимолий кибер ҳужум бўйича саволлар туғдирди. АҚШ расмийлари эса бу ҳодисалар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик топмади. Бинобарин, вазият яна бир бор техник носозликнинг жиддий оқибатини кўрсатди.
Октябрь ойида хакерлик билан боғлиқ яна бир факт кузатилди. Яъни, турли веб-сайтлар томонидан ишлатиладиган дастурлаш тили аниқланди. Шу тариқа ташкилотлар фавқулодда ҳимоя чорасини кўришига тўғри келди. Давлат идоралари, банк, авиакомпания ва бошқа тузилмалар кучли ҳужумнинг олдини олиш учун айрим интернет-ресурсларни вақтинча ўчириб қўйишга мажбур бўлди. Таъсирга учраганлар орасида Германия, Финляндия, Нидерландия ва Япония сайтлари ҳам бор эди.

Бу воқеалар сабаби турлича, албатта: мақсадли кибер ҳужум, ишлаб чиқувчи хатоси ёки техник носозлик. Фақат барча ҳолатда натижа бир хил – рақамли муаммо тезда индивидуал компьютердан ташқарига тарқалади ва бутун саноат тармоғига таъсир кўрсатади.
Кибер ҳужум анчадан бери фақат шахсий маълумот ва индивидуал компанияларга таҳдид солиб келарди. Энди эса банк амалиётини бузиши, логистикани фалаж қилиш ва саноат жараёнини тўхтатиш урфга кирди.
Хулоса шуки, атиги 10 йил олдингидан фарқли ўлароқ, энди кибернетика ҳужуми оқибати аэропорт, касалхона, банк, давлат идораси ва каби муҳим инфратузилмада масканларида ҳам сезила бошлади. Қолаверса, рақамли инфратузилма аллақачон миллий хавфсизликнинг бир қисмига айланиб улгурган. Демак, заифлик халқаро қарама-қаршилик омилига ҳам айланмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси