Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 3-сон умумтаълим мактабида ёшлар ўртасида Ватанга садоқат, жавобгарлик ва фидойилик туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” мавзусида психологик тренинг ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан, Тошкент ҳарбий округига қарашли сафарбарлик чақирув резерви баталиони, Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича вилоят кенгаши ҳамда вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳудудий бўлими мутахассислари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Психологик тренинг давомида ёшлар билан Ватанни севиш, уни ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни қадрлаш, мамлакат тараққиётида фаол иштирок этиш ҳақида суҳбатлар олиб борилди. Ҳарбий психологлар иштирокчиларда ички куч, ишонч ва етакчилик салоҳиятини оширишга қаратилган амалий машқлар ҳамда жамоавий ўйинлар ўтказдилар.


– Бугунги ёшлар — эртанги бунёдкорлар. Улар Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини англаб етсалар келажак янада ёрқин бўлади. Шунинг учун бундай мотивацион тренинглар ҳар бир иштирокчида ижтимоий фаоллик ва масъулиятни кучайтиради, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши бўлимининг бошлиғи Фурқат Азимов.

Тадбир якунида иштирокчилар жамоавий ҳамкорлик, тўсиқларни енгиш ва шахсий имкониятларга ишониш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишди.
Тадбир якунида иштирокчилар жамоавий ҳамкорлик, тўсиқларни енгиш ва шахсий имкониятларга ишониш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири