Касбий-психологик билимлар бойитилди
Андижонда "Шахсий ва жамоавий масъулиятни ошириш – фаолият самарадорлигининг муҳим омили” мавзусидаги психологик тренинг бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ўтказилган психологик-тренингда марказнинг вилоят бўлими, туман, шаҳар бўлинмалари мутахассислари иштирок этиб, жамоада соғлом психологик муҳитни шакллантириш, самарали мулоқот маданиятини ривожлантириш ва жамоада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш борасидаги билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлади.
– Тренингни асосий мақсади, ходимларнинг шахсий ва жамоавий масъулиятини кучайтиришга қаратилган, – дейди республика Маънавият ва маърифат маркази инсон ресурсларини бошқариш бўлими бошлиғи Ферузахон Сайдаматова. – Қолаверса, ходимларда касбга масъулиятни шакллантириш, касбий ғурур, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик ва ҳалоллик каби ижобий касбий-психологик сифатларни ривожлантириш, жамоада ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.


Тажрибали психолог мутахассислар томонидан ўтказилган машғулотларда турли мулоқот, интерфаол ўйинлар орқали иштирокчиларнинг диққатини жамлаш, фаоллигини ошириш ва жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги билим ва кўникмалари бойитилди. Шунингдек, ходимнинг ўзини ўзи таҳлил қилиши, шахсий ижобий ва салбий жиҳатларини англаб етиши ҳамда ўз устида ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи амалий машқлар бажарилди.
– Тренингда иштирок этиб, касбий психологик қарашларимизни бойитдик, – дейди тренинг иштирокчиси, Маънавият ва маърифат маркази Олтинкўл тумани бўлинмаси бош мутахассиси Омадбек Тошболтаев. – Ўрганганларимиз, келгусидаги фаолиятимизни янада самарали олиб боришда, албатта, ёрдам беради.



Психологик тренинг иштирокчилари олган билимлари бўйича жамоада ўзаро муносабатлар психологиясини ўрганиш бўйича социологик тадқиқот анкетасини тўлдирди. Ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири