“Прокурор кубоги” мусобақаси ғолиблари тақдирланди
Нукусда 6 сентябрь — “Кураш” миллий спорт тури куни муносабати билан 2011–2012 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида кураш бўйича “Прокурор кубоги” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларидан саралаб олинган ёш спортчилар кураш бўйича ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, маҳорат ва иқтидорини намойиш этиб, ғолиблик учун қизғин беллашдилар.

Мусобақанинг саралаш босқичларида жами 559 нафар спортчи ёш иштирок этган бўлиб, улардан 340 нафари республика босқичида ўз куч ва маҳоратини синовдан ўтказди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, 40 нафар энг муносиб спортчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Тадбир давомида ёшларни спортга янада кенг жалб этиш, уларни турли салбий таъсирлардан асраш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири