Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритишга атрофлича тўхталди.
– Биз аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш тарафдоримиз, – деди М.Ворисова. – Шу мақсадда қуйидагиларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш. Ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш керак. Шу мақсадда, давлат ҳар бир инсоннинг ижтимоий хизматлардан тўла ва бепул фойдалана олишини қонунчилик даражасида ва амалда кафолатлаш учун барча чораларни кўриши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Номзод маърузасида ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши, салоҳиятли ёшлар сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашини рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
А.Мусаев, ЎзА