Президент олимпиадаси: бокс ва оғир атлетика мусобақалари дастури тасдиқланди
Жорий йилнинг 27 октябрь-8 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуаларида ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети майдонларида “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг республика финал босқич мусобақалари бўлиб ўтади.
Айтиш лозимки, бу йилги “Президент олимпиадаси” спорт мусобақалари 21 та олимпия ва 5 та паралимпия спорт турлари бўйича ўтказилади. Унда 13-14 ёшли спортчилар ва 10-18 ёшли пара спортчилар совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.
Шу кунларда мазкур мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш ҳамда мусобақалар дастурини ишлаб чиқиш, ҳакамлик ва техник масалаларни тартибга келтириш борасида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, таълим муассасалари, спорт федерациялари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун, 21 октябрь куни Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг дастурини эълон қилди.
Мазкур дастурга мувофиқ, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш мажмуасининг оғир атлетика залида ташкил этиладиган мусобақаларнинг мандат комиссияси йиғилиши ҳамда тарози тадбирлари 26 октябрь куни ташкил этилади.
Ўғил ва қиз болалар ўртасида 10 тадан вазн тоифасидаги “Президент олимпиадаси”нинг асосий мусобақалари 27-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, куни кеча Ўзбекистон бокс федерацияси Чирчиқда ўтадиган “Президент олимпиадаси бокс мусобақаларининг кун тартибини тасдиқлади.

Унга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети рингларида ўтадиган бокс мусобақалари 31 октябрь-6 ноябрь кунлари ўтказилиб, дастлабки куни мандат ва техник қўмита йиғилиши, тарози тадбирлари, 1-2 ноябрда саралаш, 3 ноябрь чорак финал, 5-6 ноябрда эса ярим финал ва финал жанглари ташкил этилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек спортининг захира базасини янгилаш ва истиқболли олимпиячилар авлодини шакллантиришга қаратилган “Президент олимпиадаси”нинг бу йилги илк босқичида 13-14 ёшли 330 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.
Т. Рўзиев, ЎзА