Президент мактубидан илҳомланиб...
Шу кунларда мамлакат зиёлилари миллий юксалиш йўлида бирлашиб, бу хусусда қизғин баҳс-мунозараларга киришган, ишни нимадан бошлашимиз керак деган саволга жавоб излаётган бир пайтда давлатимиз раҳбарининг Иорданияга сафари чоғида самолётда ўз набирасига йўллаган мактуби гўё олдимизда турган муҳим вазифалар ижросини нимадан бошлашимиз кераклиги ҳақидаги даъват бўлди.
Мазкур мактуб бобонинг ўз набирасига йўллаган шунчаки дил сўзлари эмас, балки 40 миллионга яқин Ўзбекистондек қадим тарихга эга давлат раҳбарининг миллат болаларига битилган хитобномасидир. Йўқ, бугина эмас. У барча бобо-бувиларнинг, ота-оналарнинг ўз фарзандларига айтар сўзи бўлиб дунёга келди. Бугун миллий ўзлик масаласи долзарб мавзуга айланган бир пайтда илмли бўлиш ,ватанга садоқат билан хизмат қилиш, вақтнинг қадрига етиш ҳақида куюнчаклик билан битилган ушбу мактуб келажак авлодларга ҳам Ўзбекистон раҳбарининг армонлари, орзулари, янги давлат барпо этиш йўлидаги заҳматли меҳнати акс этган қалб дафтаридаги энг гўзал битик бўлиб қолади.
Президент мактубини ўқир эканман, не бахтки, у шеърга айланиб, юрагимдан жой олди.
Тарих не-не сирлару синоатга гувоҳдир,
Қанча-қанча мактубни кўрди бу кўҳна олам.
Аммо улар ичида асрларга ён бермас
Сенга мерос бўлгувчи битта мактуб бор, болам.
Уни ўқиб, билгайсан эл не, миллат нелигин,
Сенга ҳамроҳ бўлгай у паст-баланд йўлларингга.
Англагайсан, аждодинг, боболаринг кимлигин,
Тиззангга мадор бўлгай олганда қўлларингга.
Ва йиқилма! Йиқилсанг, шу мактубга суян, тур,
Бек ўғиллар туртилмас, ўнгу сўлга сурилмас.
Билки, ўзбек момолар туққан асл ўғлонлар
Ўз йўлидан қайрилмас, ҳар кўчага бурилмас!
Кўкда битган мактубим қушдайин қанот қоқиб,
Сен орқали,набирам, авлодларга етгайдир.
Орзуларим ушалса сизнинг бахтингиз кўриб,
Шунда менинг дардларим, армонларим кетгайдир.
Баланд тутдик биз мудом Ўзбекистон байроғин,
Сизлар билан у яна ҳилпирасин баландроқ.
Ва унутманг, муқаддас эрур ҳар қарич тупроқ,
Энг аввал қалбингизда тиклансин азиз байроқ!
Сизга мерос қолгайдир бизлардан обод Ватан,
Сиз ҳам яшанг халқ деган шараф учун, шон учун.
Бир кун келиб, улғайиб, эл дардига эш бўлинг,
Билинг, умр тикилгай Ватан деган жон учун!
Сен кўзимнинг қораси, нуридийдам, полвоним,
Ҳар бағримга босганда ёришгайдир дил тубим.
Ҳаётингни нур бўлиб, зиё бўлиб ёритсин,
Соғинч ила, Шавкатим, сенга битган мактубим!
Сайёра Самандарова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Шуҳрат" медали соҳибаси.
ЎзА