Боку шаҳрида Иккинчи Озарбайжон – Ўзбекистон парламентлараро форуми бўлиб ўтмоқда
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Иккинчи Озарбайжон – Ўзбекистон парламентлараро форуми ўз ишини бошлади.
Анжуманни Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Саҳиба Гафарова ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очиб берди.
Саҳиба Гафарова ўз нутқида парламентлараро ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги муносабатлар тизимида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
– 2025 йил июль ойида Хива шаҳрида Биринчи парламентлараро форум бўлиб ўтган эди, — деди С.Гафарова. – Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайди, юқори даражадаги фаол сиёсий мулоқот изчил давом этмоқда. Иккинчи форумнинг Боку шаҳрида ўтказилаётгани ушбу мулоқот форматига бўлган ўзаро интилишимиз ва эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш йўлидаги қатъий иродамизни намоён этади.

Халқларимиз ўртасидаги кенг кўламли алоқаларни ривожлантириш масаласи давлат раҳбарларининг доимий эътиборида экани қайд этилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзолангани икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берди. Жорий йилнинг 2 ва 3 ноябрь кунлари мазкур шартнома тегишли тартибда маъқуллангани, 17 ноябрь куни эса Озарбайжон Республикаси Президенти томонидан тегишли қонун имзолангани мамнуният билан таъкидланди.
Бундан ташқари, фан, таълим, маданият, спорт, туризм ва ёшлар сиёсати соҳаларидаги фаол алоқалар қардош халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2025 йилда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилган бўлса, жорий йилнинг 29 ноябрь куни Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган.
Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Озарбайжонни тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатчиликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга бўлган умумий интилиш бирлаштириб туришини алоҳида қайд этди.

– Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлиги остида Янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз, - деди Т.Норбоева. – Мамлакатимиз ўз иқтисодиётини инвестициялар ва тадбиркорлик учун очди, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлади ҳамда хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтирди. Давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотлар замирида «Инсон қадри» тамойили ётади. Ушбу йўналишни амалга оширишда қардош Озарбайжон билан очиқлик ва дўстона муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга. Давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг сиёсий иродаси, шахсий дўстлиги ва ўзаро ишончи туфайли мамлакатларимиз иттифоқчиларга айланди.
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома аллақачон ўзининг амалий натижаларини бераётгани таъкидланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 470 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, Озарбайжонда эса Ўзбекистон инвестициялари иштирокидаги 130 дан зиёд компания рўйхатга олинган. Томонларнинг умумий мақсади — 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишдан иборат.

Иқтисодиёт, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма лойиҳалар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жумладан, Фузулий шаҳрида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қурилган Мирзо Улуғбек номидаги мактабда болалар таълим олмоқда, Тошкентда эса Низомий номидаги университет бўлажак педагогларни тайёрламоқда. Шу билан бирга, Янги Тошкентда «Озарбайжон» боғи барпо этилмоқда, Боку шаҳрида эса «Ўзбекистон» боғи қурилишига тамал тоши (капсула) қўйилди.
Ислоҳотларни қонунчилик жиҳатидан таъминлаш ва давлатлараро келишувларни ҳаётга татбиқ этишда парламентлар муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан Сенат Раиси яқин икки йил ичида қўшма фаолиятни қуйидаги тўртта устувор йўналишга қаратишни таклиф этди. Хусусан, икки томонлама келишувлар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш, парламентлараро мулоқотда икки мамлакат ҳудудлари иштирокини фаоллаштириш, халқаро парламент майдонларида ўзаро фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда университетлар, илмий-тадқиқот ва маданий муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳақида сўз борди.
Мазкур таклифлар форум иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Бу келгусида икки мамлакат, икки қардош халқ дўстона алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши эътироф этилди.
Форум ўз ишини давом эттирмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Боку шаҳри (Озарбайжон)