Янгиланган чегара постлари қардош халқлар учун янги имконият
Ўзбек ва қозоқ халқи асрлар давомида умумий тарих, маданият ва қадриятларга эга икки эгиз халқ сифатида ёнма-ён яшаб келмоқда.
Бу икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва биродарлик бугунги кунда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари билан янада бойиб бормоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари турли соҳа ва йўналишларда кенг ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Биргина сайёҳлик йўналишида Қозоғистон Ўзбекистонга туристлар етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг 10 ойида ушбу давлатдан мамлакатимизга 2,7 миллион нафардан ортиқ турист келган.
Қардош халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар сарҳадларимиздаги чегара постларида яратилаётган шарт-шароитлар мисолида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Аввал хабар берилганидек, 25 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» ва «Жибек жоли» чегара божхона постларининг янгиланган, замонавий бино ва иншоотлари фойдаланишга топширилди.
[gallery-32720]
Таъкидлаш лозимки, 1991 йил 1 ноябрда ташкил этилган «Ғишткўприк» чегара божхона пости қарийб 35 йил давомида мамлакатимизнинг Қозоғистон билан чегарадаги энг муҳим ўтказиш пунктларидан бири бўлиб келди. Бироқ, йиллар давомида фуқаролар ва транспорт воситалари оқимининг кескин ортиши, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва туристик алоқаларнинг кенгайиши мавжуд инфратузилмани замон талаблари асосида тубдан янгилашни тақозо этди.
Жумладан, 2023 йилда ушбу пост орқали 9,8 миллион нафар фуқаро ва 244 мингта енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлса, 2024 йилнинг ўзида фуқаролар 11,5 миллион нафарга, енгил автотранспорт воситалари эса 291 мингтага етган. Яъни, бир йилда фуқаролар оқими қарийб 17 фоизга, енгил автотранспорт воситалари ҳаракати эса 19 фоизга ошган.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги Фармони ижроси доирасида постни замонавий лойиҳа ва технологиялар асосида реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Пост ҳудуди 6 гектардан 9 гектарга кенгайтирилди. Бино ва иншоотлар, божхона назорати зоналари ҳамда йўловчилар ҳаракати учун мўлжалланган инфратузилма тубдан янгиланди.
Шунингдек, янги постда божхона назорати самарадорлигини ошириш, контрабанда ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шу билан бирга, қонуний ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситалари учун қулайлик яратиш мақсадида илғор техник воситалар жорий этилди.
Жумладан, 3 та янги инспекцион кўрик мажмуаси, 10 та рентген аппарати, 2 та «Body Scanner», 6 та радиацион портал монитори, 5 та видеосервер ҳамда 188 та кузатув камераси ўрнатилди. Шунингдек, 98 дюймли интерактив экран, 4 та инфокиоск, 24 та моноблок, 28 та икки мониторли компьютер ва видео-конференцалоқа тизими учун зарур техник воситалар билан жиҳозланди.
Энг муҳими, енгил автотранспорт воситалари ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш, назорат жараёнларини оптималлаштириш ҳамда йўловчилар учун ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида «Smart Customs Border» тизими жорий қилинди. Бу эса божхона назорати жараёнларида замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш, инсон омилини қисқартириш ва хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Амалга оширилган ишлар натижасида постнинг кунлик ўтказувчанлик имконияти фуқаролар бўйича – 31 минг нафардан 100 минг нафарга, енгил автотранспорт воситалари бўйича – 750 тадан 3 000 тага, автобуслар бўйича – 70 тадан 400 тага ошди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Хусусан, икки давлат ўртасидаги товарлар ташқи савдоси 2021 йилдаги 3,7 миллиард доллардан 2025 йилда 4,6 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида эса ўзаро ташқи савдо ҳажми ўтган йилнинг мос давридаги 3,6 миллиард доллардан 4,4 миллиард долларга кўтарилиб, қарийб 20 фоизга ўсган. Икки давлат раҳбарлари томонидан товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга қадар 10 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилаб олинган. Бу мақсадга эришишда чегара ўтказиш пунктларининг замонавий инфратузилмаси, тезкор назорат ва қулай логистика имкониятлари алоҳида аҳамиятга эга.
Замонавий қиёфа касб этган «Ғишткўприк» ва «Жибек жоли» постларининг очилиш маросимида ҳар иккала давлатнинг ҳукумат вакиллари, ташкилот ва идоралари мутасаддилари билан бирга, қардош халқнинг оддий вакиллари ҳам иштирок этди. Улар билан суҳбатлашар эканмиз, ушбу амалий лойиҳадан мамнун эканликларини изҳор этдилар.
Серикбай Усенов,
Ўзбекистондаги Қозоқ маданий маркази раиси:
— «Ғишткўприк» ва «Жибек жоли» постларининг бир вақтда янгидан фойдаланишга топширилиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг, қардош халқ бирдамлигининг амалий ифодасидир. Ушбу қилинаётган саъй-ҳаракатлар замирида “Инсон қадри” тамойили мужассам. Илдизи бир икки халқнинг, қуда-андалар, яқин биродарларнинг борди-келдиси учун қулайлик яратиш мақсадида қилинган ушбу лойиҳа барчамизни бирдек қувонтирмоқда.
Бугун давлатларимиз ўртасида иқтисодий-ижтимоий, таълим, тиббиёт, маданий-маърифий, спорт ва туризм каби кўплаб йўналишларда алоқалар мустаҳкамланиб, кенгайиб бормоқда. Яхши қўшничилик сиёсати Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим омилидир.
Жаннат Соғинбаева, Қозоғистон фуқароси:
— Мен ушбу чегара пости яқинида 23 йилдан буён яшайман. Илк бор келган вақтимда божхона пости анча кичик эди. Бугун эса замонавий талабларга мос равишда қайта қурилиб, жуда катта ва кўркам мажмуага айланган. Бу ўзгаришларни кўриб, жуда хурсанд бўлдим.
Ушбу божхона пости орқали ҳар куни минглаб инсонлар қатнайди. Шунинг учун бу ерда яратилган қулайликлар, замонавий шароитлар барчамиз учун жуда муҳим. Мен Қозоғистонда туғилганман, аммо Ўзбекистонга тез-тез келиб тураман. Чунки кўп ишларимиз Ўзбекистон билан боғлиқ. Шифохонага борамиз, бозор-ўчар қиламиз, яқинларимиз билан кўришамиз. Деярли ҳар куни чегарадан ўтиб-қайтиб турамиз.
Энг қувонарлиси, чегарадан ўтишда ҳеч қандай муаммога дуч келмаяпмиз. Ҳаммаси яхши, бемалол ўтиб келяпмиз. Бугунги янгиланишлардан жуда мамнунмиз.
Муҳтарама Комилова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА