Ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилган эди. Белгилангант тартибга мувофиқ, Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлади ҳамда иккита синфга 12 нафардан ўқувчи тақсимланади.
Хўш, Президент мактабига ҳужжат топширишнинг қандай тартиблари мавжуд? Ўқувчи республикадаги ҳоҳлаган Президент мактабига ҳужжат топшира олиши мумкинми? Мазкур саволлар юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
– Президент мактабларида таълим жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади, – дейди Жўрабек Жангиров. – Президент мактаблари битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имконини тақдим этувчи халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) берилади. Президент мактабига ҳужжат топширадиган талабгорнинг 4-синфдаги математика, табиатшунослик фанларидан йиллик баҳолари аъло, яъни 5 баҳо бўлиши талаб этилади. Шунингдек, ҳужжатлар фақат номзод ўқиётган умумтаълим муассасаси жойлашган ҳудуд (вилоят)даги Президент мактабига топширилади. Президент мактабига кириш имтиҳонлари 2 босқичда ўтказилади. 1-босқич математика фанидан 30 та топшириқдан иборат тест шаклида ташкил этилади. Биринчи босқич натижасига кўра қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 киши ҳисобидан, яъни максимал 480 нафар талабгорлар 2-босқичда иштирок этишга рухсат этилади. 2-босқич фикрлаш қобилиятини аниқлаш бўйича 40 та топшириқдан иборат тест шаклида ўтказилади ҳамда ўқувчига инглиз тилидан 40 та топшириқдан иборат тест тақдим этилади.
Президент мактабининг танловида иштирок этиш учун ҳоҳиш билдирган ўқувчининг ота-онаси жорий йилнинг июнь ойида Агентликнинг махсус портали (ariza.piima.uz) орқали электрон шаклда талабгор тўғрисида маълумотнома, талабгорнинг охирги 2 ой давомида тушган фотосурати, ўқув йили натижасига кўра талабгор баҳолари (электрон) табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси, талабгор ва унинг ота-онаси ёки қонуний вакилларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ва алоқа учун телефон рақами каби ҳужжатлар платформага киритилади. Кириш имтиҳони натижалари Агентликнинг расмий веб-сайтида имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун мобайнида эълон қилинади. Президент мактабининг кириш имтиҳонларидан ўтган ўқувчилар тўлиқ бепул таълим олади. Бундан ташқари ўқувчилар учун мактабда замонавий ётоқхона, 1 кунда 5 маҳал бепул овқатланиш, дарсдан сўнг тўгарак машғулотлари, турли хил спорт турлари (футбол, воллейбол, баскетбол, сузиш, теннис ва б.) билан шуғулланиш каби шароитлар яратиб берилган. Мазкур мактабда таҳсил олувчи ўқувчилар бепул кийим-кечаклар билан ҳамда дарслик ва керакли мактаб қуроллари билан таъминланади.
STEAM (математика, физика, кимё, биология, информатика) фанлари чет эллик педагоглар томонидан инглиз тилида ўқитилади. 11-синф битирувчилари танланган фанлар асосида халқаро малака имтиҳонларида иштирок этиб, улардан муваффақиятли ўтган тақдирда, етакчи хорижий олий таълим муассасаларига кириш имкониятига эга бўлади. Умумтаълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган талабгорлар Президент мактабининг шундай синфида такроран ўқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Агар ўқувчилар белгиланган муддатлардан кейин саралаш танловида иштирок этиш хоҳишини билдирган тақдирда, талабгорлар ўқув йили натижасига кўра, математика ва табиатшунослик фанларидан йиллик баҳолари аъло бўлмаган тақдирда, талабгор таҳсил олаётган мактабнинг ҳудудий мансублиги Президент мактабининг ҳудудий мансублигига мос келмаган ҳолда ва Президент мактабига танловдан ўтиш учун тегишли ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган каби ҳолатларда ҳужжатларни қабул қилиш рад этилади. Чет эл фуқаролари Президент мактабига ҳужжатларни топшириш ҳуқуқига эга эмас. Кириш имтиҳонлари такроран ўтказилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди. Кириш имтиҳонлари давлат ва қорақалпоқ (Қорақалпоғистон Республикасида) тилларида ҳамда талабгорнинг танловига мувофиқ инглиз тилида ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА