Ҳозиргина Тошкентда қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё минтақавий экспертлар Кенгашининг биринчи йиғилиши бошланди.
Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 3-4 март кунлари Тошкентда ташкил этилган юқори даражадаги “БМТ глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорлиги” халқаро конференциясида мазкур минтақавий экспертлар Кенгашини тузиш таклифини илгари сурган эди.
Халқаро шериклар томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланган ушбу ташаббус нисбатан қисқа вақтда ўз амалий ифодасини топди. Айни жараённинг узвий давоми сифатида ташкил этилган нуфузли анжуманда Марказий Осиё давлатлари, халқаро ташкилотлар – БМТ ва ЕХҲТнинг юқори мартабали мансабдор шахслари, шунингдек айни йўналишга ихтисослашган мутахассислар иштирок этяпти.
Конференциянинг очилиш маросимида сўзга чиққан БМТ Бош котиби ўринбосари –Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков қуролли можаро ҳудудларидан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масаласи халқаро жамоатчилик олдида турган энг долзарб ва мураккаб вазифалардан бири бўлиб қолаётганини эслатди. Шу билан бирга, юқори мартабали меҳмон Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон айни йўналишда ўзига хос тажриба тўплаб, бу борада дунёда етакчи давлатлардан бирига айланаётганини алоҳида қайд этди. Зеро, юртимизда ушбу муаммони бартараф қилишга жамиятнинг барча қатламлари ва энг муҳими ҳукумат томонидан эътибор қаратилишига асосланган ёндашув муҳимлиги белгиланган.
Анжуман тафсилотини ЎзАда кузатиб боринг!
Ғайрат Хонназаров,
Носиржон Ҳайдаров,
ЎзА