Польша ва Руминия Украина донини қабул қилмаяпти
“Daily Guardian” нашри хабар беришича, Украинадан Европа орқали ғалла ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш бўйича сўрови Польша ҳамда Руминия томонидан рад этилди. Қора денгиз йўналишида юзага келаётган тўсиқ сабабли Киев муқобил йўлдан фойдаланиш бўйича ёрдам сўраган. Шунингдек, транспорт харажати кескин ортгани боис, 1,1 миллиард евро миқдорида молиявий кўмак талаб қилинишини билдирган.
Брюсселга борган Украина қишлоқ хўжалиги вазири Тарас Висоцкий ҳозир мамлакат экспортининг қарийб ярми Европа орқали ташилаётганини эслатди. Унинг таъкидлашича, агар транзит имконияти кенгайтирилмаса, 2026 йил 35 миллион тоннагача ҳосил қолиб кетиши, натижада маҳаллий фермерлар даромади камайиб, келаси йил учун экин майдони 35-40 фоиз қисқариши мумкин.
Бинобарин, Варшава ва Бухарест маҳсулот ўтказиш қуввати аллақачон чегарасига етганини маълум қилди. Руминия қишлоқ хўжалиги вазири Барна Танцош мамлакати учун маҳаллий деҳқон манфаати биринчи ўринда туришини алоҳида уқтирди. Бундан ташқари Дунай дарёсида сув сатҳи пасайиб, Украина дони Руминия портларига қўшимча босим ўтказяпти. Бу маҳаллий фермерлар ўз маҳсулотини сотишига халақит беряпти.
“Financial Times” нашри ёзишича, Украина Қора денгиз орқали экспорт қилишига Россия дронлари томонидан берилаётган зарбалар асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА