Польша компаниялари билан ҳамкорлик инвестиция имкониятларини кенгайтирмоқда
Мамлакатимизда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда соҳада инвестицион фаолликни оширишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти томонидан Польшанинг йирик гўшт ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида томонлар гўшт ва балиқ маҳсулотлари экспорти ва импорти билан боғлиқ масалалар, шунингдек, Ўзбекистонда гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси маълумотида.
Учрашувда томонлар келгусида ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ва соҳада замонавий ёндашувларни жорий этиш муҳим эканини таъкидлади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА