Ўзбекистон — Польша ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
Польша Сейми Иқтисодиёт ва ривожланиш қўмитаси раиси Рафал Павел Комаревич бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Делегация вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.
Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов билан бўлиб ўтган учрашувда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.
Жумладан, парламент дипломатияси доирасидаги алоқалар давлатлараро муносабатларни мазмунан бойитишда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон — Польша парламентлараро мулоқоти юқори суръатларда ва тизимли равишда ривожланиб бормоқда. 2026 йил январь ойида Польша Сейми делегациясининг Ўзбекистонга, шу йил 16–18 сентябрь кунлари эса Қонунчилик палатаси делегациясининг Польшага амалга оширган ташрифи парламентлар ўртасидаги алоқаларни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилди.
Мулоқотда парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолиятини янада жонлантириш, депутатлар ўртасидаги мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш ва парламент делегациялари алмашинувини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш соҳаларида тажриба алмашиш, тегишли қўмита ва комиссиялар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичлари юқорилаб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 397,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида эса бу кўрсаткич 301,4 миллион долларга етган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5 фоизга ошган.

Томонлар кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг икки мамлакат бозорларига чиқиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, яшил энергетика, қурилиш соҳаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш ва Польша компаниялари билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, академик ва талабалар алмашинувини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, туризм соҳасидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, Ўзбекистон ва Польша ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтириш масаласига урғу берилди.
Самимий ва дўстона мулоқот якунида келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА