Пўлат Ашуров: Ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатлар халқларимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда
Маълумки, шу кунларда пойтахтимизда Ўзбекистон-Тожикистон қўшма тармоқлараро кўргазмаси давом этмоқда. Мазкур кўргазмада иштирок этаётган Тожикистоннинг “Apricot & Company” фирмаси директори Пўлат Ашуров ЎзА мухбирига қисқа интервью берди.
– Ўзбекистонга учинчи марта келишим. Ҳар гал келганимда янгиланиш, ўзгариш ва улкан бунёдкорликка гувоҳ бўляпман. Айниқса, Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгаряпти. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар билан мулоқот ўтказиш, танишиш ва ўзаро тажриба алмашишда мана шундай қўшма кўргазмалар, йиғинлар муҳим аҳамиятга эга. Юртингизда ишбилармонлар учун яратилган шароитларни кўриб жуда ҳавас қиламан. Маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан тортиб, уни экспорт қилишгача бўлган жараёнлар давлат назорати ва эътиборида. Хорижий инвесторлар учун ҳам жуда кенг имкониятлар яратилган. Шу боис ҳам сўнги вақтларда Ўзбекистон ҳақида дунёнинг кўплаб давлатлари ижобий фикрлар билдиряпти, юртингизни дунё танимоқда.
Бизга ўлкангиз орқали бошқа давлатларга, айниқса, Хитой бозорига кириш имконияти бор. Бу эса савдо алоқаларимизда муҳим босқич ҳисобланади. Компаниямиз қуруқ меваларни қадоқлайди ва турли давлатларга экспорт қилади. 30 турдан ортиқ қуритилган меваларимиз мазаси, сифати ва ажойиб қадоғи билан ажралиб туради.
Шу ўринда ўзбек-тожик муносабатлари тарихий аҳамиятга эга эканлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Мамлакатларимиз ўртасидаги яқинлик умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган. Ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатлар халқларимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда.
Фикримча, бу каби тадбирлар, борди-келди алоқаларимиз ва давлат раҳбарларимизнинг учрашувлари минтақамиз иқтисодиёти ривожланишига хизмат қилади ҳамда халқларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга замин яратади.
Г.Сатторова, С.Ўрмонов (сурат), ЎзА