Пиёз ҳосили жадал йиғиштириб олинмоқда
Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги "BMB Holding" таркибидаги "BMB Zomin Agro Food" корхонаси дала майдонларида пиёз ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Мавсумий жараёнлар белгиланган агротехник талаблар асосида ташкил этилиб, етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда ва сифатли йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Далада йиғиб олинган пиёз сараланиб, махсус қопларга жойлаштирилмоқда.

Корхонада ҳосилни йиғиш билан бир қаторда, уни сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш масалалари ҳам тизимли йўлга қўйилган. Тайёр маҳсулотни ички бозорга барқарор етказиб бериш орқали аҳоли эҳтиёжини қондиришга муносиб ҳисса қўшилмоқда.

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш, сифатли ҳосил етиштириш ва уни ўз вақтида йиғиб олиш муҳим аҳамият касб этади. “BMB Zomin Agro Food’да пиёз етиштириш ва ҳосилни истеъмолчига етказиб бериш жараёнларининг изчил ташкил этилгани ана шу вазифаларнинг амалий ифодасидир.

Етиштирилган маҳсулотнинг ўз вақтида йиғиб олиниши ва бозорга етказиб берилиши ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳоли дастурхонига сифатли маҳсулот етказишда муҳим омил бўлмоқда.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири