Ҳосил қисқа муддатларда, талафотсиз йиғиб олинмоқда
Жиззах вилоятининг ғаллазорларида айни паллада энг масъулиятли мавсум — ўрим-йиғим қизғин паллага кирган. Шароф Рашидов туманида эса ҳар бир дақиқа қадрли: замонавий техника, тажрибали механизаторлар ва фермерларнинг фидокорона меҳнати туфайли ғалла қисқа муддатларда, талафотсиз йиғиб олинмоқда.

Туман ғаллакорлари ўтган куз мавсумида 9 минг 300 гектар суғориладиган майдонга дон экиб, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва талаб даражасида амалга оширди. Бугун ана шу меҳнатнинг самараси кўзга яққол ташланмоқда.
Туманда фаолият юритаётган 219 та ғаллачилик фермер хўжалигида ўрим-йиғим ишларини тезкор ва самарали ташкил этиш мақсадида 22 та махсус ўрим-йиғим отряди шакллантирилди. Ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш учун 41 та юқори унумли комбайн жалб қилинган бўлиб, уларнинг асосий қисмини замонавий “Case” ва “Class” русумидаги техникалар ташкил этади. Шунингдек, “New Holland”, “John Deere” ҳамда бошқа турдаги қудратли комбайнлар ҳам мавсумнинг қизғин палласида самарали хизмат қилмоқда.

Ўриб-янчилган донни қабул пунктларига тезкор ва нес-нобуд қилмасдан етказиб бериш учун 196 та юк автомобили ҳамда 168 та тиркамали трактор ишга сафарбар этилган. Дала шароитида техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида 11 та кўчма устахона ва 11 та ёнилғи ташиш воситаси ҳам хизмат кўрсатмоқда.
Мавсум давомида замонавий рақамли технологиялар имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, комбайн ва бошқа техникалар ҳаракати GPS кузатув тизимлари ҳамда видеокузатув воситалари орқали мунтазам назорат қилиниб, ўрим жараёнларининг шаффофлиги ва самарадорлиги таъминланмоқда.

Далаларда меҳнат қилаётган механизаторлар, муҳандис-техниклар ва соҳа мутахассислари олдида турган асосий вазифа — ҳосилни талафотсиз йиғиб олишдир. Шу боис дон сифати, техникаларнинг иш унумдорлиги ва белгиланган муддатларга қатъий риоя этилиши доимий эътибор марказида турибди.
Жорий йилги дон ҳосили мўл бўлди, туман мутахассисларининг таъкидлашича, ҳар гектардан 90-95 центнердан ҳосил олинаётган экан. Бу ҳеч шубҳасиз, фермерларнинг тинимсиз меҳнати самарасидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири