Тошкент вилояти Пискент туманидаги "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғинида оилавий шифокорлик пункти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида туман ҳокими Р.Рихсиев, туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, маҳалладаги нуроний кексалар иштирок этди. Юртимизда инсон ва унинг саломатлиги энг муҳим омил экани, олис қишлоқлар аҳлининг саломатлигини сақлаш мақсадида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидлади.
Тадбирда муассаса раҳбарига рамзий калит билан бирга "Дамас" автомобили, 5 та компьютер жамланмаси ва планшет совға қилинди. Тиббий пункт "Гулистон" ва "Намуна" маҳалласидаги 11 800 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Эътиборлиси, поликлиникада электрон хизматлар йўлга қўйилган бўлиб, кенг қамровли интернет тармоғига уланган. Бу эса тиббиёт ходимлари билан аҳолининг масофадан туриб мулоқотни амалга оширишига имкон беради.
– Тиббий кўрик ва таҳлиллар учун туман марказига қатнашга қийналар эдик, – дейди ҳудудда яшовчи Гулзода Мамаюсупова. – Янги поликлиниканинг маҳаллада очилиши айни муддао бўлди. Айниқса, гинеколог врачлар бириктирилгани, қабулга уйдан чиқмай белгиланиш имкони бор. Олинган таҳлиллар узоғи 1 соатда аниқланиши, ижтимоий дорихоналар борлиги биз аёлларни хурсанд қилди.
Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни ташкил этиш борасида туман тиббиёт бирлашмаси қўшимча бинолари, 2 та 100 қатновли "Келовчи" ҳамда "Муротали" оилавий шифокорлик пунктлари қурилиши ва 100 қатновли "Саид" қишлоқ врачлик пункти мукаммал таъмирланишига 8,3 миллиард сўм маблағ сарфланди.