ПИнинг 153-ассамблеяси: муҳим минераллардан самарали фойдаланишда парламент назорати кучайтирилади
Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 153-ассамблеяси доирасида «Умумий фаровонликни таъминлашда муҳим минераллар: парламент назоратини кучайтириш» мавзусида махсус семинар бўлиб ўтди.
Турли мамлакатлар парламентлари вакиллари, халқаро экспертлар ва Парламентлараро иттифоқ расмийлари иштирок этган тадбирда минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирларини яратиш ҳамда қазиб олувчи тармоқларда шаффофлик ва парламент назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Яшил энергетикага ўтиш шароитида муҳим минералларга талабнинг ортиши, табиий ресурслардан олинадиган даромадларни адолатли тақсимлаш, атроф-муҳит ва маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, шартномалар очиқлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва минерал ресурслардан фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришда парламентларнинг роли ҳақида сўз юритилди.
Семинарда Ўзбекистон делегацияси номидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Дилбархон Мамажонова сўзга чиқди.

Депутат жаҳон иқтисодиётидаги шиддатли ўзгаришлар шароитида геология, тоғ-кон саноати ва саноат сиёсати алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Ўта муҳим минераллар иқтисодий барқарорлик, технологик ривожланиш, энергетик ўтиш ва инсонлар ҳаёт сифатини белгиловчи омилга айланиб, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун янги имкониятлар яратмоқда.
Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг мақсади – хомашё етказиб бериш билан чекланмай, уни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш занжирини яратишдир. Марказий Осиёнинг глобал таъминот занжирларини диверсификация қилишдаги ўрни ҳам ортиб бормоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан Европа Иттифоқи билан ўта муҳим хомашё соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги Англашув меморандуми имзолангани бунга мисол сифатида келтирилди.
Д.Мамажонова соҳага жалб этилаётган йирик хорижий инвестициялар миллий манфаатлар ва экологик, ижтимоий ҳамда корпоратив бошқарув (ESG) стандартларига мос бўлиши зарурлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, парламентларнинг ижро ҳокимияти устидан назоратини кучайтиришга доир қатор таклифларни илгари сурди.
Жумладан, хорижий шериклар билан тузиладиган шартномаларда хомашё қазиб олиш билан бирга юқори технологияларни олиб кириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мажбуриятларини аниқ белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Парламент қўмиталари сув тежовчи ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича назорат тадбирлари ва эшитувлар ўтказиши лозимлиги таъкидланди. Орол фожиасини бошдан кечирган минтақа учун атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида масъулият билан ёндашиш муҳимлигига урғу берилди.
Парламентлараро ҳамкорлик орқали халқаро инвесторлар билан адолатли ва тенг ҳуқуқли шартномалар тузиш, минтақавий қўшилган қиймат занжирлари ва кластерларни шакллантириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш таклиф этилди. Бир давлатда литий қазиб олиниб, бошқасида электромобиль батареялари ишлаб чиқариладиган минтақавий кооперация бундай ҳамкорликнинг амалий намунаси бўлиши мумкинлиги айтилди.
Семинарда муҳим минераллардан оқилона фойдаланишнинг асосий мезони – уларнинг аҳоли фаровонлиги, бандлик ва иқтисодий мустақилликка қўшадиган ҳиссаси экани қайд этилди. Самарали парламент назорати ресурсларни чуқур қайта ишлаш, инвестициялар шаффофлиги ва экологик масъулиятни таъминлаш орқали табиий бойликларни барқарор тараққиётга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА