Сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг назорат фаолияти самарадорлиги янада оширилади
Олий Мажлис Сенатида Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда парламент иштироки, сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг назорат фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари томонидан энергетика соҳасини ривожлантириш ва маҳаллалар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда парламент назоратининг мавжуд механизмларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Сенат Раиси Танзила Норбоева сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар депутатлари жойлардаги муаммоларни тизимли ўрганиши, уларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида амалий чоралар кўриши зарурлигини таъкидлади.
Парламентнинг асосий вазифаси ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш, давлат дастурлари ва қабул қилинган қарорларнинг ҳудудлардаги ижросини таҳлил қилиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг ечими бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Учрашувда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, энергия йўқотишларини қисқартириш, ҳисобга олиш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Амалга оширилган кенг кўламли ишларга қарамасдан, электр таъминотидаги узилишлар, авариялар сонининг ортиши, энергия йўқотишлари ва ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммолар аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан ҳар бир сенатор ва маҳаллий кенгаш депутатига бир ҳафта муддатда ўз сайлов округидаги энергетика соҳасидаги ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш, аниқланган муаммоларни масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда уларнинг ижросини доимий назорат қилиб бориш юзасидан тавсиялар берилди.

Сенат қўмиталари зиммасига маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда ҳудудларда ўрганишлар ташкил этиш, тизимли муаммоларни сайёр мажлисларда муҳокама қилиш ва республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли таклифлар киритиш вазифалари юклатилди.
Электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, энергия йўқотишларини қисқартириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ташкил этиш, зарур захираларни шакллантириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш масалаларини доимий парламент ва депутатлик назоратида ушлаб туриш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, микролойиҳаларни амалга ошириш, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш ҳамда давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш бўйича вазифалар ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, маҳаллаларда яратилган ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий имкониятларнинг самараси, энг аввало, жойлардаги раҳбарларнинг фаолияти, ўзаро ҳамкорлиги ва шахсий масъулиятига боғлиқ.

Шу муносабат билан сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар депутатларига ўз сайлов округларидаги "маҳалла еттилиги" билан тизимли ҳамкорлик қилиш, маҳаллаларда амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоларни масъул идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан эълон қилинган "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида маҳаллаларни ободонлаштириш, хавфсиз ва озода муҳит яратиш ишларига аҳолини кенг жалб этиш муҳим вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Муҳокама якунида Президент томонидан белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш, парламент ва депутатлик назорати самарадорлигини янада ошириш, маҳаллий кенгашларнинг назорат ваколатларидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА