
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари педагоглари малака (тест) синовларидан ўтказилмоқда.
Бугун Самарқанд шаҳридаги педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида вилоятда фаолият юритаётган педагоглар учун малака синовлари бошланди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, жараёнларда иштирок этиш учун вилоятдаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагоглардан 19 532 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 15 453 таси қабул қилинган бўлса, 1514 таси тизимга нотўғри юкланганлиги сабабли рад этилган. 686 таси тўлов амалга оширилмаганлиги учун кўриб чиқилмаган.
Аризаларнинг 16 минг 139 таси навбатдан ташқари, яъни ўз хоҳишига кўра тоифа имтиҳонига қатнашиш истагида бўлганлардан келиб тушган.
[gallery-20093]
– Олий тоифа олиш мақсадида ўз хоҳишим билан малака синовларида иштирок этаяпман, – дейди Нарпай туманидаги ихтисослаштирилган мактаб информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Дониёр Жўрақулов. – Баҳорги малака синовларида ҳам иштирок этгандим. Аммо натижа етарли бўлмаганди. Пухта ҳозирлик криб, навбатдаги синовларга тайёргарлик кўрдим. Насиб бўлса, бу гал албатта, етарли натижани қайд этиб, олий тоифага эга бўламан.
Бугун вилоятдаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган информатика ва ахборот технологиялари фани педагоглари тест синовларини топширишди. Белгиланган тақвимга кўра, 30-31 октябрь кунлари математика, физика фанлари, 1, 2 ва 4 ноябрь кунлари бошланғич таълим фани, 5-6 ноябрь кунлари ўзбек тили (Давлат тили), Она тили ва адабиёт фанлари, 7-8 ноябрь кунлари кимё, биология, география, иқтисодий билим асослари, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанлари, 9 ноябрь куни тарих, тарбия, давлат ва ҳуқуқ асослари фанлари, 11-12 ноябрь кунлари француз тили, инглиз тили, корейс тили, немис тили, хитой тили, япон тили фанлари, 13 ноябрь куни рус тили (миллий мактабларда), рус тили ва адабиёти (рус), қирғиз тили ва адабиёти, қозоқ тили ва адабиёти, тожик тили ва адабиёти, туркман тили ва адабиёти, мусиқа маданияти фанлари, 14 ноябрь куни жисмоний тарбия, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология (сервис хизмати йўналиши – қиз болалар учун), технология (технология ва дизайн йўналиши – ўғил болалар учун) фанлари бўйича тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари