Педагогларни касбий ривожлантиришнинг аҳамияти ошмоқда
Таълим соҳасида илғор халқаро тажрибаларни оммалаштириш, замонавий педагогик ёндашувларни фанлар кесимида татбиқ этиш ва ўқитувчиларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришнинг аҳамияти ошмоқда.
Ўзбекистонга ташриф буюрган Британия Кенгаши ижрочи директори Скотт Макдоналд А.Авлоний номидаги институтда бўлди.
Ўтказилган учрашувда институтнинг асосий фаолият йўналишлари, педагог кадрларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, узлуксиз касбий ривожланиш тизимини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Мулоқот давомида институт ва Британия Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик натижалари алоҳида эътироф этилди. Хусусан, “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари доирасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, CPD Hub фаолияти, педагогларнинг касбий ривожланишидаги унинг ўрни ва яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Ўзбекистонда инглиз тилининг хорижий тил сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уни ўқитиш сифатини ошириш ва замонавий методикаларни таълим жараёнига татбиқ этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди, дейилади Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти маълумотида.
Британия Кенгаши билан ҳамкорлик фақат инглиз тили ўқитувчиларини эмас, балки барча фан ўқитувчиларини қамраб олган ҳолда уларнинг узлуксиз касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА