Бирмингемдаги ўзбекистонлик стипендиатларнинг таклифлари тингланди
Хорижда таҳсил олаётган ёшлар билан мунтазам мулоқот қилиш, уларнинг ўқиш ҳамда яшаш шароитларини ўрганиш, муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга.
Буюк Британиянинг Бирмингем университети “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари энг кўп таҳсил олаётган нуфузли хорижий олий таълим муассасаларидан биридир. Айни пайтда бу ерда турли йўналишлар бўйича 80 нафарга яқин ўзбекистонлик ёш билим олмоқда.
Жамғарма ижрочи директори Гулноза Исмоилова Буюк Британияга ташрифи доирасида хорижий университетлар вакиллари ва стипендиатлар билан учрашди.
Интеллектуал “Zakovat Quiz” ўйини билан бошланган тадбир самимий ва очиқ мулоқотга уланиб кетди. Суҳбат давомида ёшларнинг ўқиш жараёни, янги муҳитга мослашиши, хориждаги ҳаёти ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди.
Стипендиатлар таълим жараёнидаги ютуқлари, орттирган тажрибалари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар. Учрашув якунида ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилиб, уларга ўқиш ва хориждаги маиший ҳаёт билан боғлиқ масалалар юзасидан фойдали тавсия ҳамда маслаҳатлар берилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА