Педагоглар иштирокида сўровнома ўтказилди
Маълумки, мамлакатимиз таълим тизими изчил ривожланмоқда. Бунинг учун бошқарувнинг барча бўғини масъул этиб белгиланган. Зарур ресурслар ўз вақтида жалб этилмоқда. Қолаверса, тизимни янада такомиллаштириш мақсадида тинимсиз изланиш олиб борилмоқда.
Ана шундай ҳаракатларнинг узвий давоми ўлароқ, Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида умумтаълим мактабларида дарс соатларини тақсимлаш ҳамда директор жамғармаси фаолиятига оид меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш мақсадида мактаб раҳбарлари ва педагоглар иштирокида сўровнома ўтказилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди.
Сўровномада институтда малака ошираётган умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари ва педагоглар қатнашди.
Мазкур сўровномадан кўзланган мақсад дарс соатларини тақсимлаш ва директор жамғармаси фаолиятига оид амалдаги тартибларни такомиллаштириш, жараёнларни рақамлаштириш, шаффофлик ва холисликни таъминлаш ҳамда коррупциявий хавфларнинг олдини олишдан иборат.
Таъкидланишича, ушбу сўровнома орқали такомиллаштирилиши режалаштирилаётган меъёрий ҳужжатларни бевосита амалиётчи мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда мавжуд муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш имкони туғилади.
Якунда иштирокчилар амалдаги тартибларни соддалаштириш, адолатли ва шаффоф электрон механизмларни жорий этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Илгари сурилган ташаббуслар масъуллар назоратига олиниши қайд этилди.
Шербек Исломов,
ЎзА